10 йилда 2 мингдан ортиқ тиббиёт жиҳозлари ёрдам сифатида берилган

31.10.2022 18:10:16

Жорий йилнинг 31 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб “Давлат молиявий назорати тизими ҳамда беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига асосан Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексининг айрим нормаларига ўзгаришлар киритилмоқда. Хусусан, Кодекснинг 64-моддаси билан Ўзбекистон Республикасига беғараз ёрдам доирасида берилган тиббий асбоб-ускуналардан пуллик хизмат кўрсатишда фойдаланиш имконияти яратилмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, сўнгги ўн йилда давлат даволаш профилактика тиббиёт муассасаларига 539 турдаги 2 153 дона тиббиёт жиҳозлари ва ускуналари беғараз ёрдам сифатида берилган. Шундан, 523 турдаги 2 121 донаси соз ҳолатда ва 16 турдаги 32 донаси носоз ҳолатда сақланмоқда.

Амалиётдаги қонун нормаларга кўра Ўзбекистон Республикасига беғараз ёрдам доирасида берилган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш имконияти фақатгина давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам кўрсатиладиган шахслардагина мавжуд.

Мазкур лойиҳа билан сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини ошириш ҳамда тиббий асбоб ускуналардан самарали фойдаланиш мақсадида бепул тиббий ёрдам ҳуқуқига эга бўлмаган шахсларга ушбу тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш имконияти яратилмоқда.

Бунда, бепул хизматлар кўрсатиладиган тиббиёт муассаларида беғараз ёрдам доирасида келган тиббий асбоб-ускуналардан бепул хизматлар кўрсатиш давом эттирилади. Фақат пуллик хизмат кўрсатадиган тиббиёт муассасаларида мазкур тиббий асбоб-ускуналардан пуллик хизмат кўрсатишда фойдаланилиши назарда тутилмоқда.

Йиғилишда кейинги масала — “Тиббиёт ходимининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўлди.

Муҳокамалар давомида ҳар иккала қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда бир қатор таклифлар билдирилди. Кўплаб саволлар ўртага ташланди. Қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳалари депутатлар томонидан маъқулланди. 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+