Маданий мерос объектларининг ҳимояси бўйича қандай ишлар олиб борилмоқда?

26.10.2022 14:10:35

Мамлакатимизда кейинги йилларда халқимизнинг умуммиллий бойлиги ҳисобланган — моддий ва маданий мерос объектларимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маданий меросни ҳимоя қилиш мамлакатимизнинг жаҳон тамаддуни ривожида тутган ўрнини англаш, жамиятнинг ижтимоий-давлатчилик борасида тараққий этиш босқичларида илмий ва маънавий меросимиз, хусусан, маданият ва санъат, адабиёт ва архитектура соҳалари инсониятнинг фикрлаш ва мушоҳада қилиш қобилиятига кўрсатган таъсирини ўрганишда ҳал қилувчи омил вазифани бажариб, мамлакатимизнинг жаҳон саҳнасидаги ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Маданий меросни ҳимоя қилиш борасидаги мақсад ва вазифаларнинг бажарилишини назорат қилиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг иш режасига мувофиқ, Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан жорий йилнинг октябрь ойида Туризм ва маданий мерос вазирлигининг “Маданий мерос объектлари ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш режалаштирилган эди.

Ушбу режага мувофиқ, Туризм ва маданий мерос вазирлиги мутасаддилари ҳамда вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги раҳбар-ходимлари иштирокида қўмита йиғилиши бўлиб ўтди.

Маданий мерос агентлиги томонидан берилган маълумотга кўра, республика бўйича 8210 та моддий маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган. Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармалари томонидан жами 616 та маданий мерос объектини миллий рўйхатга киритиш бўйича ҳужжат шакллантирилиб, Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашига кўриб чиқиш учун киритиш юзасидан тегишли хужжатларни тйёрлаш ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда маданий мерос объектларини асраш ва мухофаза этишда талаб этилаётган энг муҳим эҳтиёжлардан бири объектларнинг қўриқланадиган теграларини белгилаш вазифасидир. Маданий мерос объектларининг теграларини белгилашда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги қарорида барча талаблар тизими тасдиқлаб ўтилган. Шунга кўра, ҳудудий маданий мерос бошқармалари томонидан маданий мерос объектларининг қўриқланадиган теграларини белгилашда талаб этиладиган дастлабки ҳисоб-китоб ишлари олиб борилди. Бунда республикадаги 8210 та маданий мерос объектининг қўриқланадиган теграларини белгилашда дастлабки ҳисоб китобларга кўра, 24,6 млрд. сўм маблағ талаб этилиши аниқланди. Ушбу сарф-ҳаражатлар 2023 йил ҳамда келгусида маданий мерос объектларини реставрация қилиш учун ажратиладиган маблағларнинг иқтисод қилинган қисмидан қопланиши режалаштирилмоқда.

Маданий мерос ҳимояси кенг кўламли долзарб вазифа эканини ҳисобга олган ҳолда, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш тўғрисидаги концепцияни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида маданий мерос объектларининг ҳимоясини юритишда жамоатчи инспекторларни бириктириш вазифаси белгилаб берилган. Ушбу қарорга мувофиқ, бугунги кунга келиб, 4599 та маданий мерос объектини назорат қилиш устидан жамоат инспекторлари бириктирилган. Ушбу жамоат инспекторлари ҳудудлардаги маҳалла фуқаролари йиғинларида жамоатчилик соҳасида кўзга кўринган обрўли инсонлардан танлаб олинган бўлиб, ҳар бирига хизмат вазифалари тушунтирилиб, тегишли гувоҳнома берилган. Агентлик тақдим этган маълумотга кўра, маданий мерос объектларига нисбатан юз бераётган ноқонуний ҳаракатларни аниқлашда жамоат инспекторларининг ёрдами катта бўлмоқда.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ҳар бир маданий ёдгорликни қўриқлашда унга махсус муҳофаза белгиси ўрнатилиши жоиз. Бундай муҳофаза белгиси ўзида “Ушбу маданий мерос объекти давлат муҳофазасига олинган” сўзларини ўз ичига олади. Айтиш жоизки, бугунги кунда объектларнинг барчасида бундай белги йўқ. Шунга кўра, Агентлик ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг тегишли баённомасига асосан янги намунадаги муҳофаза белгиси тасдиқланган бўлиб, ҳозирда барча маданий мерос объектларига ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.

Йиғилиш чоғида депутатлар бугунги кунда қаровсиз бўлиб қолган айрим маданий мерос объектларини таъмирлаш ҳақида аҳолидан жуда кўп мурожаатлар келаётгани, таъмирга муҳтож маданий мерос объектларининг босқичма-босқич тикланиши қай тарзда ечим топиши мумкинлиги билан боғлиқ долзарб масалани хам атрофлича мухокама қилдилар ва тегишли тавсиялар бердилар .

Тадбир сўнггида Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

 

Ойдин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+