Депутатлик институтини биласизми?

08.04.2024 11:04:29

Ўзбекистон "Адолат" СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан Андижон шаҳар ҳокимлиги "Оила ва хотин-қизлар бўлими" билан ҳамкорликда жамиятда хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Аёл, жамият ва қонун” лойиҳаси доирасида жойларда ташкил этилаётган тадбирлар бу борада катта аҳамият касб этяпти.
Андижон шаҳридаги Туризм ва сервис касб-ҳунар коллежида ташкил этилган тадбир жамиятда аёлларнинг фаоллигини ошириш, амалдаги қонунларимизда уларнинг ҳуқуқлари ҳимоялангани ва сиёсий майдондаги ўрнига қаратилди. Вилоят партия кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан амалдаги йилнинг ўтган даврида олиб борилган ишлар юзасидан маълумот берилди. Жумладан, таълим муассасаларида ишловчи хотин-қизлар ва талабалар иштирокида 34 та турли тадбирлар ташкил этилди. Натижада уларда партиямизга қизиқиш ортди, 620 нафар аёллар сафимизга қўшилди.
Малоҳатхон Мусаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари:
- Мамлакатимизда хотин-қизларнинг барча соҳаларда самарали меҳнат қилишлари, шу жумладан, сиёсий бошқарув, ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаолият кўрсатишлари учун етарли шароит яратилган. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланди. Давра суҳбатида айни шу масалага эътибор қаратилди. Амалдаги йилда бўлиб ўтадиган сайловлар юзасидан тушунча бердик. Депутатликка номзодлар орасида хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этаётганини иштирокчилар қўллаб-қувватладилар. Бир сўз билан айтганда, андижонлик аёлларнинг фаоллиги янада ошмоқда.
Тадбир якунида “Депутатлик институтини биласизми?”, - дея берилган саволга аксарият ёшлар фаоллик билан жавоб беришди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+