“Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ва давлат дастури ижроси қандай таъминланмоқда?

05.08.2022 17:08:08

Бугунги кунда барча йўналишлар қаторида энергетика соҳасида ҳам улкан ислоҳотларни амалга ошириш давр талабига айланмоқда.

Хусусан, барчамиз учун глобал масалаларга айланаётган электр энергияси, ундан оқилона фойдаланиш, арзон, ишончли, барқарор ва замонавий энергетикани жорий этиш чораларини кўришга зарурат туғилаётир. Бундай талаб эса мамлакатимиз равнақи ва аҳолининг фаровон ҳаётини таъминлашдек устувор вазифалар билан боғлиқдир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасига энергетика вазири ўринбосари Шерзод ХЎЖАЕВ “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг жойлардаги ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари ва жорий йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”га мўлжалланган давлат дастурининг 164-банди ижроси юзасидан ахборот  берар экан,  унда тизимдаги туб ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва аҳоли эҳтиёжини қондириш каби муҳим масалалар узвийлиги муҳим аҳамият касб этиши борасида алоҳида тўхталиб ўтди.

– Шуни қайд этиш керакки, бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда 2020 йил 14 июлдаги “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди, – деди Ш.Хўжаев. – Ушбу қонун ижросини таъминлаш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва  2020 йил 10 июлдаги “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари қабул қилиниб, улар ижросини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилди.

Бу борадаги ишларни рақамларда таҳлил қиладиган бўлсак,  2020-2022 йилларда иқтисодиёт тармоқларининг 25 та йирик энергия сарфловчи корхоналарида 3,3 миллиард кВт.соат электр энергияси, 2,6 миллиард  метр куб табиий газ ва 16,5 минг тонна нефть маҳсулотларини тежаш бўйича чораклар кесимида чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Мазкур чора-тадбирлар туфайли иқтисодиёт тармоқларида 2020 йилда 916,84 миллион кВт.соат электр энергияси, 1371,93 миллион  метр куб табиий газ ва 5,4 минг тонна нефть маҳсулотларини тежашга эришилди.

Иқтисодиёт тармоқларида 2021 йил давомида 1,7 миллиард кВт.соат  электр энергияси, 1,6 миллиард метр куб табиий газ ва 12,4 минг тонна нефть маҳсулотлари тежалишига муваффақ бўлинди.

Жорий йилдаги ишлар сарҳисоби ҳақида гап кетганда, 2022 йил давомида 855,5 миллион метр куб табиий газ, 872,9 миллион кВт.соат электр энергияси ва 11,7 минг тонна нефть маҳсулотларини, жумладан, жорий йилнинг I-ярим йиллиги давомида 380,76 миллион метр куб табиий газ, 361,11 миллион кВт.соат электр энергияси ва 5,8 минг тонна нефть маҳсулотларини иқтисод қилиш режалаштирилган.  Вазирлик ва идоралардан олинган тезкор маълумотларга кўра, 2022 йилнинг I-ярим йиллиги якуни билан 817,16 миллион метр куб табиий газ, 447,0 миллион кВт.соат электр энергияси ва 8,3 минг тонна нефть маҳсулотлари тежалган.

Шу билан бирга, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Тошкент давлат техника университети мутахассислари билан ҳамкорликда “Саноат корхоналари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида энергия ресурслари истеъмолини таҳлил қилиш ва прогнозлаш ахборот тизими”, яъни “Ягона ахборот тизими” яратилди.

2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”га мўлжалланган давлат дастурининг 164-банди ижрога тўхталадиган бўлсак,  Давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида республика ҳудудидаги тақсимловчи электр тармоқларини янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш дастури доирасида қатор ишлар амалга оширилди.

Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “2022-2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда жами 1 164,9 километр тақсимловчи электр узатиш тармоқлари ва 395 та трансформатор пунктлари қуриш ва янгилаш ишлари олиб борилмоқда. Йил якунига қадар жами 2 792,5 километр тақсимловчи электр узатиш тармоқлари ва 1 110 та трансформатор пунктлари янгиланади.

Бундан ташқари, “2022-2026 йилларда республиканинг 0,4-110 кВ кучланишли электр тармоқларини янгидан қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур қарорда жами 76 000 километрдан  ортиқ тақсимловчи электр узатиш тармоқлари ва 20 000 тага яқин трансформатор пунктлари реконструкция қилиниши кўзда тутилган.

Шу билан бирга, тақсимловчи электр тармоқларида технологик йуқотишларни 50 фоизгача 4 миллиард кВт.соатга камайтириш Қибрай туманида синов тариқасида лойиҳа ишга туширилган. Лойиҳа доирасида Тошкент вилояти Қибрай тумани Истиқлол МФЙда синов тариқасида тақсимловчи электр тармоғида қуввати 400 кВА бўлган трансформатор пунктини жами 7 та, жумладан, 3 та қуввати 63 кВАли ва 4 та қуввати 40 кВАли трансформатор пунктларига алмаштириш кўзда тутилган.

Бугунги кунда лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилиб, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУКнинг Тошкент вилояти филиали томонидан ижобий хулоса олинган. Шунингдек, қурилиши режалаштирилган трансформатор пунктлари объект ҳудудига олиб келиниб, 150 та таянчдан 50 таси ўрнатилган. Лойиҳа жорий йилнинг 20 августига қадар ишга туширилади. Мамлакатимизнинг магистрал электр тармоқларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш доирасида жами 101,4 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари қурилиб, 318 та таянчдан 190 таси ўрнатилди.

Мухтасар айтганда, юртимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш тарзини янада яхшилаш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантиришга қаратилган ишлар тизимли ташкил этилмоқда. Бундай улкан ва масъулиятли ишларда Президентимиз томонидан қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+