Энг улуғ, энг азиз байрам олдидан тадбирлар бўлиб ўтмоқда

25.08.2022 10:08:18

Куни кеча Мустақиллигимизнинг 31 йиллигига бағишлаб «Адолат» СДП Шофиркон туман Кенгаши, тумандаги «Қалмақон» МФЙ ҳамда туман маданият ходимлари ҳамкорлигида «Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Байрамона тадбирда партия туман Кенгаши раиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Зулфия Ашурова, партия туман Кенгаши «Аёллар қаноти» раиси Ҳамрогул Ашурова, «Қалмақон» МФЙ фаоллари, маҳаллада яшовчи нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда партия туман Кенгаши «Аёллар қаноти» раиси Ҳамрогул Ашурова сўзга чиқиб, барча йиғилганларни яқинлашиб келаётган энг улуғ, энг азиз байрам Мустақиллигимизнинг 31 йиллик шодиёнаси билан самимий қутлади. Ҳ.Ашурова ўз сўзида бугунги дориламон кунларга етиб келгунга қадар не-не машаққатлар чекилгани ҳақида гапириб, Мустақиллигимизни қадрига етиб яшаш ҳар биримизнинг олий бурчимиз эканлигини таъкидлади. Шу билан биргаликда сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари тўғрисида сўз юритиб, фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар томонидан бугунги тинч ва эркин ҳаётни қадрлаб, шукроналик туйғуси билан яшашга, мустақиллигимизни асраб-авайлаган ҳолда ҳамжиҳатликда тараққиётимиз учун дадил олға боришга даъват этилди.

Байрам тадбирида туман Маданият бўлими хонандалари томонидан янграган куй-қўшиқлар барчанинг қалбига шодлик улашиб, йиғилганларни рақсга чорлади.

«Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» эзгу ғоясини ўзида мужассам этган бундай тадбирлар вилоятимиз туман ва шаҳарлари бўйлаб давом этмоқда.

Мухтасар ЗОҲИДОВА,

«Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+