Истеъдодли ёшлар – келажак бунёдкори

01.07.2022 13:07:01

Мана, учинчи йилдирки, юртимизда 30 июнь – Ёшлар куни сифатида кенг нишонланади. Бир неча кундан буён ушбу кун муносабати билан Навоий вилоятида, шу жумладан, Кармана туманида ўтказилаётган байрам тадбирларининг бевосита гувоҳи бўлиб шуни яхши англадимки, бугунги кун ёшлари давлатимиз томонидан ўзлари учун яратиб берилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, ўз истеъдодлари ва иқтидорларини амалда намойиш этишмоқда. Чунки жорий йилдаги тадбирлар ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ, асосан галаконцерт ёки бошқа кўнгилочар тадбирлардан иборат бўлибгина қолмай, ёшларнинг илм-фан, технологиялар, адабиёт, санъат каби соҳаларда эришаётган натижаларини акс эттирувчи кўргазмалари, кашфиётлари ва ихтиролари намойишлари билан янада эсда қоларли бўлди.

Мазкур кўргазмаларни кўриб, ёшларнинг ихтиролари, маҳорати ва истеъдодлари ёшларнинг мунтазам ўқиш, интилишлари ва изланишлари натижаси эканлигига амин бўлдим. Янги Ўзбекистонда келажагимиз бунёдкорлари бўлмиш  ёшларнинг байрами юртимиздаги байрамлар орасида том маънода энг шукуҳли байрамлардан бирига айланиб кетаётганлигини юрак-юрагимдан ҳис этдим. Ёш авлодни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилаётган ушбу байрам тадбирларида фаол иштирок этган ёшларнинг нигоҳларидаги ўтни, шижоатни ва келажакка бўлган юксак ишончни кўриб, юртимизнинг эртаси бугунгидан-да порлоқ бўлишини англадим.

навоий22

Юртимизда ғайрати баланд, интилувчан ўғил-қизлар иштирокида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остида ўтказилган фестиваллар, учрашувлар ва кўргазмалар барча ёшларимиз учун етуклик, камолот ва ҳақиқий ватанпарварлик кўриги бўлди десак муболаға бўлмайди. Ҳурматли Президентимиз таъбири билан айтганда, янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган умумхалқ ҳаракати сафларида ёшларимизнинг қудратли тўлқин бўлиб майдонга чиқаётгани юксак таҳсинлар ва эътирофларга арзирли бўлмоқда.

Мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, ҳуқуқ ва манфаатларига устувор аҳамият қаратилиб, уларга порлоқ келажак бунёдкорлари сифатида юксак ишонч билдирилаётгани ёшларимизнинг кучига куч, шижоатига шижоат қўшмоқда. Бу борада Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи, унинг ҳузурида ўттиздан ортиқ нодавлат ташкилотларнинг ҳамкорликдаги якдил фаолиятлари,  барча шаҳар ва туманларда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури, турли соҳаларни қамраб олган “Беш ташаббус”дан кўзланган мақсадлар самарали амалга оширилаётгани ёшларга эътиборнинг ёрқин ифодаси бўлибгина қолмай, ёшларимизнинг ўз олдиларига аниқ мақсад ва вазифалар қўйишларига мустаҳкам замин яратмоқда.

Президентимизнинг ёшларга оид сиёсатида ҳам ёшларга замонавий билимлар бериш ва ёшлар бандлигини таъминлаш энг муҳим йўналишлар этиб белгиланганлигини бугунги кунда ҳар бир ёш қалбан ҳис қилмоқда.

Хусусан, Президент мактабларини тамомлаган ўқувчиларнинг барчаси муддатидан аввал нуфузли хорижий олийгоҳларга грант асосида ўқишга кирганлиги, замон ва ўсиб келаётган билимга чанқоқ ёшларнинг талабига мос

 равишда юртимизда олий таълим муассасалари сони йилдан йилга ортиб бораётганлиги ва нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари очилаётганлиги, сўнгги йилларда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилганлиги ва  ёшларнинг олий таълимга бўлган умумий қамрови қарийб 30 фоиз етганлиги фикримизни тасдиқлайди. Айниқса, ОТМларда давлат грантлари йилдан йилга кўпайтирилгани, эҳтиёжманд оилаларга мансуб   қизларга олий ўқув юртларига кириш учун алоҳида грантлар ажратилгани юртимиздаги минглаб оилаларга, минг-минглаб ота-оналар қалбига қувонч олиб кираётганлиги бугунги кун ҳақиқатидир.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан  ўзининг ижодий ва интеллектуал салоҳияти, танлаган касб йўналиши ва ижтимоий ҳаётда эришган муҳим натижалари билан турли соҳаларда юртимиз равнақига, унинг халқаро обрў-эътиборини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган, тенгдошларига ўрнак ва намуна бўлиб келаётган кўплаб фаол ёшлар давлатимизнинг юксак орден ва медаллари билан мукофотланаётгани ҳам юртимизда ёшларга бўлган юксак эътиборнинг амалдаги ифодаси бўлмоқда.

Ёшларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва имтиёзлар натижасида ҳар бир соҳада юксак  муваффақиятларга эришаётган ёшларнинг сафи тобора кенгайиб бораётганлиги юртимизда ҳақиқий келажак бунёдкорлари вояга етаётганлиги кўрсатмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз ёшларининг ҳар томонлама юксак салоҳиятли инсон бўлиб камол топиши йўлида амалга оширилаётган изчил ва тизимли ислоҳотларнинг ижобий натижаси ва ёшларга оид давлат сиёсатининг самарасини бугунги кун ёшларининг жамиятда муносиб ўрин эгаллашга бўлган иштиёқи ва эришаётган ютуқларида кўришимиз мумкин. Чунки улар креатив ғоялари, бетакрор лойиҳалари ва аниқ мақсадлари билан мамлакатимиз тараққиётида, кўзланган ислоҳотларда ташаббус кўрсатиб, ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Аниқроқ қилиб айтганда, яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланаётган, иқтидори ва истеъдодини амалда намоён этаётган ёшлар бугун сенатор, бугун депутат, бугун етук раҳбар ва ишбилармон тадбиркордир.

Юрагида юртига бўлган меҳр-муҳаббати жўш уриб турган ёшлар сафида туриб, мен ҳам инсон қалбига йўл топиб, халқ ишончини қозонадиган маънавиятли авлодлар бири сифатида юрт равнақи, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш орзуси ва мақсади билан олға интиламан.

Эркин ва фаровон шундай гўзал юртда камол топаётган тенгдошларимга “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” дея даъват қиламан.

 

Жамшид МУСАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши  

“Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+