Йиллар фаровон келажакка элтар

09.01.2024 09:01:24

Президентимиз томонидан юртимизда инсон қадрини улуғлаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар барча жабҳада олиб борилаяпти. Шаҳар ва қишлоқларда янгиланишлар давом эттирилиб, халқимизнинг турмуш тарзи янада яхшиланмоқда. Дарвоқе, янгиланишлар айни пайтда йирик шаҳарларимиз марказидан энг чекка қишлоқ ва маҳаллаларгача кириб бормоқда.
Албатта, бу ўзгаришларнинг давоми сифатида жорий йилни "Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили", деб эълон қилиниши ҳам бежиз эмас. Негаки, бугун тадбиркорлик фаолияти кенг қулоч ёйди. Бизнес Барча соҳага шиддат билан кириб келди. Соғлиқни сақлаш, таълимда ҳам хусусий секторнинг ўрни сезила бошлади. Биргина бизнинг вилоятимизда шу кеча-кундузда 74 минг 400 та тадбиркорлар турли йўналишда фаолият юритиб, воҳамизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта хисса қўшиб келмоқдалар. Улар давлатимиз томонидан доимий равишда қўллаб-қувватланиб келинаяпти. Шу мақсадда ўтган йили тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун 2,4 триллион сўм, шундан “Оилавий тадбиркорлик” дастури бўйича 22 минг нафар талабгорга 561 миллиард сўм кредит ажратилди.
Бу каби хайрли ишлар амалдаги йилда ҳам давом эттирилади. Мен фаолият олиб бораётган олий таълим йўналишида ҳам давлат томонидан катта маблағлар ажратилаяпти. Биргина мактабгача таълимни оладиган бўлсак, бу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлар учун субсидиялар ажратилаяпти. Хусусий мактабларда ҳам ёш авлодга замон талаби асосида таълим-тарбия бериш учун зарур ёрдам берилаётир. Шу туфайли ҳам вилоятимизда таълим соҳасида ҳам хусусий секторнинг таъсири кундан-кунга ортиб бораётир.
Кириб келган 2024 йилни қутлуғ ном билан аталишини халқимиз жуда кўтаринкилик билан кутиб олди. Ўзбекистон замини Аллоҳ назари тушган бепоён мамлакат. Муҳтарам Президентимиз бошчилигида халқимиз Янги Ўзбекистоннинг фаровон келажаги учун самарали изланишлар олиб бормоқда. Бунинг самараси тез кунларда кўзга ташланишига ишонамиз.
Янги йилда барча эзгу ниятларимиз амалга ошсин, азизлар!

Муҳаббат Шаропова,
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ
депутатлари Қашқадарё вилоят
Кенгашидаги Ўзбекистон
“Адолат” СДП депутатлик
гуруҳи аъзоси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+