Йўлдаги китоб жавони

06.06.2022 11:06:55

Бугуннинг ёшлари бўлакча, шижоаткор. Ёниб яшасам, дейди. Янги-янги ташаббуслар билан чиқишади. Наманган давлат университетида ҳам ана шундай ёшлар кўплаб топилади. Олийгохнинг Ижтимоий факультети тарих йўналиши талабалари ҳам шулар сирасидан.

Яқинда бўлимнинг иккинчи босқичида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабалар бадиий адабиётларнинг аҳамияти, китобхонлик борасида гурунглашиб туришганди. Улардан бири “Адолат” СДП аъзоси, “Ёш адолатчи”ларимиздан бири Мақсудбек Акрамжонов шундай ташаббусни илгари сурди:

- Китобхонлик маданиятини ривожлантириш, ахолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар орасида китоб ўқишга бўлган иштиёқни кучайтириш, адабиётга муҳаббат уйғотишни кенг тарғиб қилувчи жамоага бирлашсак нима дейсизлар?

Унинг фикрини тезда курсдошлари Яҳёбек Турсунбоев, Жаъфар Раҳмонжонов қўллаб-қувватлаб, ўз ғояларини билдиришди. Шу зайлда “Миллат келажаклари” жамоасига 20 нафар талабалар бирлашдилар. Кўнгиллилар имкониятлари даражасида тарғибот учун маблағ ажратиб, жамғарма ҳам ташкил этдилар.

Жамоа ишни дастлаб телеграмм каналида “Энг яхши китобхон” танловини ўтказишдан бошладилар. Ҳар ҳафта ташкил этиладиган ушбу танловда ўзбек ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан келиб чиқиб, викторина саволлари эълон қилиниб борилмоқда. Ғолиблар онлайн тарзда аниқланиб, республиканинг қайси ҳудудидан бўлмасин совғалари юборилмоқда. Совға эса мақсадга мувофиқ энг нодир китоблардан. Айни вақтгача Озодбек Исломов, Абдуқодир Тошпўлатов, Рафиқа Ҳамробоева, Фарзона Турсуналиева, Али Равшанов,Отабек Тўланбоев каби ёшлар ғолибликни қўлга киритиб муносиб тақдирландилар. Мукофот китоблари эса Фарғона, Тошкент шаҳарларигача етиб борди.

Жамоа азолари яна бир тахсинга лойиқ ташаббус билан чиқдилар. Бу “Йўл бўйидаги кутубхона” лойихаси эди. Унга кўра жамоа жамғармаси ҳисобидан университетга элтувчи  йўлакда мўжазгина китоб жавони қурилди. Жавонга бошланишига 150 донадан ортиқ сара китоблар жойлаштирилди. Лойиҳанинг аҳамияти шундан иборатки, жавондан ким ҳохлаган китобини олиши, ўқиб бўлгач жойига келтириб қўйиши мумкин. Шунингдек, истаган киши имкони даражасида жавонга китобларини тақдим этиши, истаганлари ўзи белгилаган бахода китоб сотиб олишлари имконияти мавжуд. Яъни 10 минг сўмлик китобни мижоз 50 минг сўмга олса бўлади. Ёки аксинча.

- Биз жамоамиз билан эзгу ишга қўл урдик, деб хисоблаймиз,- дейди жамоа фаоли Арофатбону Муллажонова. – Агар съай ҳаракатимиз билан қанчадир юртдошимиз, тенгдошимиз ўзини китобга ошно этса ва яқинларини ҳам китобхонликга жалб этса, фақат бундан мамнун бўламиз.

Биз бу ёшларимиздан янада юксак ташаббусларни кутиб қоламиз. Зеро, китоб инсоннинг энг яқин дўстидир. Унга ошно этиш йўлида босилаётган бир қадам ҳам таҳсинга сазовор. Ишонамизки, уларнинг сафи ортиб бораверади.

Мирзараҳмат ОЛИМОВ, “Адолат” СДП Наманган шаҳар Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+