МИНТАҚАВИЙ МУЛОҚОТЛАР ГЛОБАЛ МУАММОЛАРГА ЕЧИМ БЎЛМОҚДА

22.07.2022 10:07:55

Сўнги йилларда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари бу йил тўртинчи бор ташкил этилди. Мазкур учрашувлар минтақадаги долзарб муаммоларни бартараф этишда стратегик аҳамият касб этмоқда десак муболаға бўлмайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ушбу форматда олиб борилаётган мулоқот туфайли дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга, минтақамизда мутлақо янги конструктив ҳамкорлик муҳитини яратишга муваффақ бўлинди. Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини, ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш бўйича мураккаб вазифаларни изчил ҳал этиб келмоқда.

Бу борада кўплаб тўсиқлар бартараф этилиб, фуқароларимизнинг эркин ҳаракатланиши, фаол маданий ва сайёҳлик алмашувлари амалга оширилиши учун шароитлар яратилди. Ўзаро савдо ва инвестицияларнинг ўсишига хизмат қилаётган қулай муҳит шакллантирилди.

Қувонарлиси, сўнгги беш йилда минтақа ичида товар айирбошлаш ҳажми икки баробар ошди.

Бироқ, дунёда кечаётган геосиёсий ва геоиқтисодий можароларнинг авж олиши жаҳон иқтисодиётидаги инқирозли ҳолатлар кучайиб бораётгани, биргина Россия ва Украина ўртасидаги уруш бутун дунё иқтисодиётига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда.

Натижасида мамлакатларимиз анъанавий логистика занжирлари узилиши, инфляциянинг кескин ортиши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигига нисбатан хавф-хатарлар бир неча бор кўпаймоқда. Ана шундай вазиятда Маслаҳат учрашувлари формати доирасида кўп томонлама ҳамкорликни мувофиқлаштириш ва самарадорлигини ошириш зарурати янада кучаймоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, турли ташки кучлар томонидан шу йилнинг ўзида минтақадаги конституцион тузумни ағдариб ташлашга қаратилган Қозоғистон ва Қорақалпоғистондаги ҳаракатлар бу каби мулоқотларнинг нечоғли муҳимлигини яна бир бор кўрсатиб берди.

Тан олиш керакки, сўнги вақтда маҳаллий бозорларда биринчи даражали озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари айниқса, ун, ёғ ва шакар маҳсулотлари бир неча бор ортиши аҳолининг ҳақли норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган энг муҳим ташаббуслардан бири Марказий Осиё халқларининг умумий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан билдирган таклифи бўлди.

Айниқса, минтақа мамлакатларида етарли миқдорда ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан аҳолини кафолатли таъминлашнинг комплекс тизимини биргаликда ишлаб чиқиш лозимлиги тўғрисида масала Марказий Осиё халқлари учун стратегик аҳамиятга эга.

Рустам ХАЙИТОВ,

халқ депутатлари Навоий

вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+