Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда!

01.01.2023 12:01:35

Инсоният яралибдики, унинг учун энг азиз неъмат, бу – қадр! Содда қилиб айтганда, қадри бор одамнинг қадди тик бўлади. Ана шу сизу бизнинг қадримиз Муҳтарам Президентимиз яқиндагина Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатларида яққол ифода топди.

Айниқса, турли соҳаларда, хусусан, мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган бир раҳбар аёл сифатида Юртбошимизнинг «Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат» деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз керак», деб айтган даъватлари мени беҳад қувонтирди.

Чунки, ҳар қандай қадрнинг пойдевори – ҳуқуқ! Модомики, инсон қадри қонунларда ифода топар экан, демакки, унинг фаровон ҳаёти эртадан эмас, бугуннинг ўзидан бошланади.

Аслида ҳам табиатан жонсарак яралган аёл, ўзи учун ҳам, теварак атроф учун ҳам, оила ва бола-чақаси учун ҳам энг кўп соғинадигани бу –эҳтиром ва қадр-қимматдир.

Муҳтарам Президентимизнинг кириб келаётган янги – 2023 йилни «Инсонга эътибор ва сифатли таълим» йили, деб эълон қилганликларининг асл маъно-мақсади «Бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиз эмасми? Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз», деб айтган пурмаъно сўзларида яққол ифода топди.

Боз устига, мурожаатноманинг асл мағзи, фарзандларимиз, ўсиб келаётган ёш авлод камолотининг аниқ ва тиниқ мақсадларига қаратилди ва бундай мақсадларга эришишнинг ягона йўли билим ва тарбияда эканлигини таъкидлаб, «Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда», деган ҳикматни олға сурдилар.

Агарки, гап фарзандларимизнинг билимли бўлиши, яхши тарбия топиши ҳақидаги олий мақсадга йўғрилар экан, бу жараённи аёлларсиз, оилаларсиз, улардаги гўзал ва азалий қадриятлар, миллий-маънавий муҳитсиз ва албатта, мактабгача таълим тизими ташкилотларидаги сифатли таълим-тарбиясиз тасаввур этиш қийин.

Демакки, Муҳтарам Президентимиз ҳам оилаларга, ҳам жамият аҳлига, ҳам доимо давлат эътибори ва ғамхўрлиги остида бўлган мактабгача таълим ташкилотлари олдига жуда катта вазифалар белгилаб бердилар.

Шу билан бир қаторда «Сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда. Яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган ЮНEСКОнинг Мактабгача таълим бўйича Умумжаҳон анжуманида ҳам бу ислоҳотларимиз юксак эътироф этилди», деган сўзлар билан соҳа фаолиятини алоҳида эътироф этган Президентимиз, унинг яқин келажакдаги ривожи ҳақида «Келгуси беш йилда қамровни 80 фоизга етказиш учун 600 минг янги боғча ўрни керак. Бу – жуда катта марра. Шу боис, боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади», деб айтдилар.

Шу маънода фахру ифтихор билан айтаманки, Муҳтарам Президентимизнинг мазкур мурожаатномаси, унда мақсад қилинган ғоя ва дастурлар мамлакатимиз аҳлини янги ва янги марраларга етаклайди.

Мақсадимиз битта: юрт фаровонлиги, оилалар, хотин-қизлар бахти саодати йўлида бирлашиш, шу муқаддас ватанга муносиб хизмат қилишдир.

Фурсатдан фойдаланиб, кўп минг сонли мактабгача таълим фидоийларини гўзал ва бетакрор диёримизга кириб келаётган янги – 2023 йил билан табриклайман.

Мана шу қувончли лаҳзаларда Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт тилайман!

Янги – 2023 йилнинг қадами жонажон Ватанимизга қутлуғ ва баракотли келсин!

Ҳилола ЮСУПОВА,

Наманган вилояти Мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+