Педагогик таълим соҳасини такомиллаштириш муҳимдир

29.01.2024 15:01:26

   Таълим соҳаси ҳар қандай давлатнинг бугуни ва келажагини белгилаб берувчи тараққиётнинг энг муҳим драйвери ҳисобланади. Сўнгги йилларда фуқароларнинг таълим олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан умумий ўрта таълим соҳасида кўплаб янги қонунлар жорий этилди ва бугунги кунда ижобий натижаларни бериб келмоқда.
   Шу жумладан, бугунги кунда ҳудудлардаги 500 та мактабда Президент ва ихтисослашган мактабларнинг баҳолаш тизими жорий этилган. Натижада, илғор хорижий тажриба асосида вазиятни таҳлил қилиш, муаммони ечиш, жамоада ишлаш каби амалий машғулотлар улуши 60 фоизга етказилган. Педагогларнинг билим ва маҳорати масаласига эътибор қаратилар экан, Малака ошириш марказлари эскича ишлаётгани, илмий салоҳияти юқори эмаслигига яна бир бор эътибор қаратишимиз зарурдир.
   Замонга ҳамнафас ҳолда мактабларда хорижий тил бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш, олий таълим муассасаларининг ўқув режаларини бу билан уйғунлаштириш зарурдир. Хорижий тилни интенсив тарзда ўргатиш амалиётини ҳам кенгайтириш лозим. Маълумки, юртимизда хусусий мактабларга имконият берилгани натижасида уларнинг сони кўпайиб бормоқда. Бу давлат мактабларига юкламани камайтириш ва соғлом рақобатга хизмат қилмоқда. Шу боис хусусий мактаблар учун лицензия талабларини янада соддалаштириш, кредит, солиқ ва коммунал тўловлардан қўшимча енгилликлар берилмоқда.
   Эндиликда таълимнинг барча бўғинларида ислоҳотларни ягона концепция асосида амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ташкил қилинади. У боғча, мактаб, касбий ҳамда олий таълимда ўқув стандарти ва дастурларини илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқишга масъул бўлади.
   Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, мактаблар фаолиятида маҳалла раиси ва фаолларининг ўрни катта бўлиши керак.
   Таълим сифатини ошириш комплекс ёндашувни, яъни ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа жиҳатларни ўз ичига олувчи давлат сиёсати юритилишини талаб этади. Бунда, ҳуқуқий чоралар давлат сиёсатига тамал тоши бўлиб хизмат қилади. Бинобарин, узлуксиз таълим тизимининг конституциявий кафолатлари соҳада амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларни бажаришга имкон беради.

Санобар Мирсаидова,
Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+