Сайловдан сайловгача ишлар сарҳисоб қилинди

31.08.2021 14:08:27

 

“Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгашининг IX-конференцияси бўлиб ўтди. Конференцияда шаҳар ва туман Кенгаши конференцияларидан сайланган делегатлар билан бир қаторда партия фаоллари, Самарқанд шаҳар жамоатчилик ишлари бўйича ҳоким маслаҳатчиси Х.Нуруллаев, Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотлари Миллий Асоссацияси вилоят бўлими бош мутахасисси Ф.Раҳматов, туман ва шаҳар кенгаши депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари, аёллар қаноти ва ёш адолатчилар қаноти фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этишди.

 Конференция кун тартибида “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг ҳисобот даврида партиянинг “Адолат - ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” деб номланган сайловолди дастури ижросини таъминлашдаги фаолияти”, “Адолат” СДП Қурултойига делегатларни  сайлаш”, “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаш ҳамда Ижроқўм  аъзолари таркибига қисман ўзгартириш киритиш” тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди. Партия вилоят ташкилотининг сайловдан сайловгача бўлган фаолияти таҳлил қилинди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси  Муҳиба Бобобекованинг  ҳисобот маърузаси тингланди. Таъкидланишича ўтган 2016 йилдаги Президент сайлови арафасида партия аъзолари 17119 нафарни ташкил этиб, 466 та БПТга бирлаштирилган бўлса, бугунги кунда партия аъзолари сони 57751 нафар, ва улар 793 та БПТ га бирлашган.

Партиянинг 30 га яқин  лойиҳалари доирасида амалга оширилган ишлар натижасида партиянинг халқ орасидаги танилувчанлиги ошиб бормоқда.  Жумладан,  ҳафтанинг ҳар чоршанба куни  амалга ошириладиган “Муаммо билан юзма-юз”, ҳар сешанба куни “Сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустахкамлаш - демократик жамият пойдевори” , шунингдек, “Бир ойда бир иш ўрни”, “Бир адолатчи 100 аёлга ҳимоячи”, “Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Саховат - беназир қадрият”  каби қатор лойиҳалар партиямиз фаолларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳаётга татбиқ этилиб, юртдошларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашида аҳамиятли бўлмоқда.

Албатта,  “Адолат” СДП ўтган 26 йил ичида республикамиздаги энг етук сиёсий кучлардан бирига айланишга улгурди. Партия ўз сайловолди дастуридаги вазифаларни бажаришда, ўзининг эзгу ғояларини халқ фаровонлиги ва юрт ободлиги йўлида амалга оширишда астойдил фаолият юритиб келяпти. Аҳамиятли томони партиямиз сайловолди дастурида илгари сурилган халқ манфаатларини ифодалайдиган муҳим ғояларнинг аксарияти давлат дастурларида, қонун ва қарор ҳужжатларида ўз аксини топиб келмоқда.

Жумладан, “Адолат” СДП ўзининг сайловолди дастурида прописка тизими фуқароларимиз учун кўпгина муаммоларни келтириб чиқараётганлигини  аҳоли билан бўлиб ўтган сайловолди тарғибот жараёнларида кўрган эдик ва улар томонидан билдирилган мурожаатларнинг аксариятини айнан  шу масала ташкил этган эди. Партиямиз ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида “прописка” муаммосини бартараф этиш масаласини сиёсий куч сифатида сиёсий дебатларда кўп бора кўтариб, у жамиятимизнинг муаммоли нуқтаси эканлигини таъкидлади. Фуқароларимизга Ўзбекистон ҳудудида эркин истиқомат қилиш ҳуқуқини берилиши таклифини билдириб, “прописка”дан ўтиш тизимини фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич яратиш лозимлигини илгари сурди.

Кейинчалик бу масала давлат дастуридан ўрин олиши ва айниқса, 2020 йилнинг 22 апрель куни имзоланган “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони кўп йиллик тушовларни узиб ташлади. Албатта бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин, суд-ҳуқуқ соҳасими, тиббиёт соҳасидами, уй-жой коммунал дейсизми кўплаб соҳаларда партия томонидан билдирилаётган таклифлар амалиётга жорий этилиб келинаётгани қувонарли.

Муҳиба Бобобекова, партия вилоят кенгаши раиси:

 - Сайловларда муносиб иштирок этиш учун олдинги сайлов кампанияларини чуқур танқидий таҳлил этиш ва бошқа сиёсий партиялар салоҳиятини ўрганиб чиқиш зарур. Кейинги йилларда партия фаолияти иш шакли ва услублари тубдан янгиланиш жараёнига ўтди, партия учун долзарб бўлиб турган кадрлар қўнимсизлиги кун тартибида турган асосий масалалар қаторидан чиқарилди, тизимли ва мақсадли сиёсий ўқишларни ташкил этиш тизими жорий этилди, бу йўналиш учун вилоятда масъуллар белгиланди, партиянинг жойлардаги ёрқин имижини шакллантириш борасида кенг тартибда партия тарғибот-ташвиқот материаллари ўз вақтида Кенгашларга тарқатилмоқда, партия умумий фаолиятида БПТларининг иштироки кенгайтирилмоқда.   Ушбу ишларнинг барчаси сайловларни муносиб ташкил этиш ва юқори натижаларга эришишга қаратилган. Биз ўтган сайлов кампаниялари давомида тажрибамиз, салоҳиятимизни ҳар томонлама оширишга муваффақ бўлдик, бу эса, ўз навбатида сайловолди Дастуримизни ҳаётга самарали татбиқ қилишда қўл келади.

Халқимиз азал-азалдан адолатни севади, ҳамма жойда қатъий тартиб-интизом бўлишини, қонун устуворлиги таъминланишини, ижтимоий адолат принциплари мустаҳкам қарор топишини хоҳлайди. Шу боис, партиямиз кўтариб чиқаётган ҳаётбахш ғоялар кўпчиликнинг эътиборини жалб қилмоқда. Партиямизнинг туман ва шаҳар кенгашлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан  жамиятдаги турли муаммолар дадил-дадил ўртага қўйилмоқда ва уларнинг ечими юзасидан бир қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Ўтган салкам чорак аср мобайнида партиямиз сиёсий курашларда ҳар томонлама тобланди, давр синовларидан ўтиб, мамлакатимиз сиёсий майдонида энг йирик, таъсирчан ва обрўли сиёсий кучга айланди. Демак, бир томондан, кўп минг сонли аъзолар ва тарафдорлар, иккинчи томондан эса ҳаётбахш ва халқчил социал-демократия мафкураси — партиямизнинг жорий йил октябрь ойида ўтказиладиган сайловлардаги муносиб иштирокини таъминловчи муҳим омиллар ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, жамиятда адолат тантанаси учун курашаётган “Адолат” социал-демократик партиясининг вилоят ташкилоти, унинг депутатлик гуруҳлари ҳамда 57 мингдан ортиқ аъзолари бундан буён ҳам “Адолат ҳар бир инсон учун”, “Куч – адолатда” каби ҳаётбахш ғоялар ижроси йўлида юрт тараққиёти, қонун устуворлиги йўлида хизмат қилишда давом этавериши конференция иштирокчилари томонидан таъкидланди.

Музокара учун сўзга чиққан бир қатор делегатлар вилоят Кенгашининг ҳисобот давридаги фаолиятини “қониқарли” деб баҳолашди. Жорий йилнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган  партиянинг X-Қурултойига  ҳудудий партия ташкилотларининг ҳар 2500 нафар аъзосидан 1 нафар делегат сайлаш нормаси белгиланган. Делегатлар сайлаш нормасига асосланиб, партия вилоят кенгашида 57000 дан зиёд аъзолардан Конференцияда иштирок этиш учун 23 нафар делегат сайлаб олинди. Конференция сўнгида  Кенгаш ҳамда Ижроқўм аъзолари таркиби қисман  янгиланди ва кун тартибида кўрилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди. “Адолат” социал-демократик партиясининг мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб этишда фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ партия фаоллари ташаккурнома, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Азиз ХАИТОВ,

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+