Вилоят босқичида билимдонлар беллашдилар

24.11.2022 10:11:13

Жорий йилнинг 8 декабрда эркин ва обод келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворини белгилаб берган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигига 30 йил тўлади. Тараққиётнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берган ушбу ҳужжатга бағишланган тадбирлар партиямиз томонидан ҳар йили анъанавий тарзда кўтаринки кайфиятда ўтказилиб келинмоқда.

Шу жумладан, ёшларнинг сиёсий билимлари ҳамда ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, билимли ҳамда қобилиятли ёшларни аниқлаш мақсадида «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан вилоят Кенгаши биносида партиянинг «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида «Конституция билимдони» кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.

Кўрик-танловда вилоятнинг шаҳар ва туман босқичларида биринчиликни қўлга киритган ўқувчилар қатнашдилар.

Тадбирни партия Вилоят Кенгаши раиси Р. Раупов кириш сўзи билан очиб, яқинлашиб келаётган Конституция байрами билан барчани табриклади. Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини англаш, унинг аҳамиятини тушуниш ҳар бир инсон учун ниҳоятда муҳимлиги таъкидланди. «Кўрик-танлов ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, уларда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда Ўзбекистон «Адолат» СДП дастурий мақсад ва вазифаларини татбиқ қилиш мақсадида ташкил этилди», - дейди Р. Раупов , шундан сўнг барча иштирокчи ўқувчиларга омадлар тилаб, тадбирни очиқ деб эълон қилди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизнинг юксак тараққий этиши, унинг нуфузи янада ортишида янгича фикрлайдиган, демократик ислоҳотларда фаол иштирок эта оладиган баркамол авлод бўлиб улғаяётганимиз беқиёс аҳамиятга эгалигини бугунги кун ёшлари чуқур ҳис этади. Бу борада «Адолат» социал-демократик партияси ёшларни рағбатлантириб келяпти, партия лойиҳаларининг аксарияти ёшларга бағишланганининг ўзи бунинг амалий ифодасидир. «Конституция билимдони» танлови ана шу жиҳати билан ҳам аҳамиятлидир.

Беллашувлар жараёнида ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимларини мустаҳкамлаш, уларнинг орасидан энг иқтидорлиларини аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда партиянинг дастурий мақсад-вазифаларининг мазмун-моҳиятига ёшларнинг эътиборини кенг жалб қилишга алоҳида урғу берилди.

Танлов белгиланган низом асосида 3-босқичда ташкил этилди. Бўлиб ўтган танловда 1-шарт таништирув шарти, 2 - шарт – Ўзбекистон Республикаси Конституциясини билиш даражаси ва «Сиёсий партиялар» тўғрисида савол-жавоб, 3 – шарт – эркин мавзу деб номланиб, бу шартда иштирокчи томонидан «Адолат» социал-демократик партияси менинг тасаввуримда» мавзусида ижодий иш тайёрлаш каби йўналишлар асосида ўқувчилар ўзаро беллашдилар. Қолаверса, тадбирда иштирокчи ўқувчиларнинг саҳна маданияти, нотиқлик маҳорати ҳамда ижодий қобилиятлари ҳам алоҳида эътиборга олинди.

Тадбирда ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг чиқишларини очиқ, ошкора овоз бериш йўли билан одилона баҳолаб бордилар.

Партия томонидан ўтказилган кўрик-танлов жараёнлари юқори савияда ташкил этилиб, қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.

Иштирокчилар чиқишларини якунлагандан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилиб, тадбир сўнгида хулоса ва изоҳлар берилди.

Қизғин музокаралардан сўнг, натижага кўра, 3-ўринни Деҳқонобод туман 19-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Қўчқоров Алпомиш , 2-ўринни Нишон туман 19 -умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Рўзиқулова Муқаддам эгалладилар. Энг юқори кўрсаткични Қашқадарё вилояти юридик техникуми ўқувчиси Файзуллаева Севинч қайд этиб, Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорларга партиянинг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, тадбирда иштирок этган фаол билимдон ёшлар партиянинг вилоят Кенгаши томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Нусуров Достон,

«Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+