Янги маскан истиқбол пойдевори

04.01.2023 10:01:38

Президентимиз ўзининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатида Мактабгача таълим фаолиятини яна бир карра эътироф этар экан,  “Сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда. Яқинда Тошкент шаҳрида ўтказилган ЮНЕСКОнинг Мактабгача таълим бўйича Умумжаҳон анжуманида ҳам бу ислоҳотларимиз юксак эътироф этилди”, деди ва у, соҳанинг бундан кейинги истиқболи ҳақида тўхталиб, “Келгуси беш йилда қамровни 80 фоизга етказиш учун 600 минг янги боғча ўрни керак. Бу – жуда катта марра. Шу боис, боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилади”, деган гапларни айтди.

Дарҳақиқат, олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида соҳада хусусий сектор улуши тобора кўпайиб бормоқда. Куни кеча, Тўрақўрғон туманининг “Беруний” маҳалласида ана шундай масканларнинг яна бири фойдаланишга топширилди. Натижада тумандаги мактабгача таълим қамрови 175 нафарга ортди.

Давлат-хусусий шерикчилик асосида «Фарзона Акобир яшнаётган диёр» МЧЖ томонидан 1,5 миллиард сўм маблағ ҳисобига ишга туширилган ушбу масканнинг очилиш маросимида маҳалла нуронийлари, соҳанинг меҳнат фахрийлари, ота-оналар, шунингдек, туман ҳокимлиги ҳамда вилоят мактабгача таълим бошқармаси вакиллари иштирок этишди ва улар ўз сўзларида мазкур таълим масканида тарбияланувчилар учун яратилган шароитларни алоҳида эътироф этишди. Айниқса, бу ерда ташкил этилган инглиз ва рус тили, шунингдек, спорт, рақс тўгараклари уларда катта таассурот қолдирди.

Таъкидлаш жоизки, бугун туманда 43 та давлат, 289 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолият олиб бормоқда.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+