Янги Ўзбекистоннинг пойдевори мустаҳкам бўлади

22.06.2022 16:06:34

Айни кунларда Ўзбекистонда муҳим сиёсий воқелик кечмоқда. Бош Қонунимизни такомиллаштириш жараёнида халқимизнинг ташаббускорлиги, ўз таклиф ва мулоҳазаларини эркин ифода этаётгани қувонарли. Бу айтиш мумкинки, кейинги йилларда республикамизда фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш йўлида амалга оширилган ислоҳотлар самарасидир.

Куни кеча Президентимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида Асосий Қонунимизга ўзгартириш киритилиши кутилаётган ҳар бир масалага эътибор қаратдилар. Бу борада халқимизнинг фикри, таклифлари инобатга олинаётгани эътиборли. Қонунларнинг ижодкори халқ бўлиши керак, деган ибора амалда ўз ифодасини топаётганини кўрсатади.

Биргина мисол: миллий менталитетимиздан келиб чиқиб келажак авлод масаласи алоҳида ўрин тутаётгани барчани қувонтирмоқда. Чунки биз эртанги кунимизни айни бугунги ёшларда кўрамиз. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида «Бош қомусимизда боланинг манфаатлари, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун барча шароитларни яратиш устувор йўналишлардан бири сифатида ўз аксини топиши зарур», дея алоҳида эътибор қаратдилар. Бу ёшлар тарбияси, камолоти йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар изчил давом эттирилиши, аниқроғи қонун билан мустаҳкамланишини кўрсатади.

Ривожланган янги Ўзбекистонни барпо қилишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз унинг пойдевори ҳам мустаҳкам бўлиши лозим. Шу сабаб Конституциямизни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритилишига барчамиз масъулмиз.

Йигитали Бекбоев,

халқ депутатлари Хўжаобод туман кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+