Янги вазифалар бeлгиланди

07.01.2023 15:01:15

Мана, қарийб уч ҳафтадирки, Президентимизнинг мамлакатимиз парламентига ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси кенг жамоатчилигимизнинг диққат марказида бўлиб турибди. «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгашида ўтказилган йиғилишда ҳаммамиз учун дастуриламал ҳисобланган мазкур ҳужжатда белгиланган йўл-йўриқларни амалга ошириш юзасидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама қилинди. Унда партия фаоллари, «Ёш адолатчилар» ва «Аёллар қаноти» аъзолари иштирок этдилар.

Тадбирни «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраев очиб берди. Шунингдек, жараёнда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Аёллар ва ёшлар сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси бўлим бошлиғи Райҳона Ўрмонова Мурожаатноманинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб, йиғилганларга эътибор марказидаги масала юзасидан атрофлича маълумот берди. Ўзаро фикр-мулоҳазалар ва қизғин савол-жавобларга бой бўлган тадбирда партиянинг «Ёш адолатчилар» ва «Аёллар қаноти» фаоллари томонидан олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Қўлга киритилган натижаларни қайд этиш баробарида айрим камчиликлар, фойдаланилмай қолаётган имкониятларга эътибор қаратилди. Келгусидаги долзарб вазифаларни ҳал этиш учун қилинадиган ишлар бўйича таклифлар билдирилди.

Хусусан, Ёшлар парламенти аъзоси, Наманган давлат университети табиий фанлар факультети декани ўринбосари Абдулбосит Собирхонов педагоглар ва ўқувчиларга янада яхшироқ шароитлар яратиш муҳимлигини таъкидлаб, айни масалада бир қатор муҳим таклифларини билдириб ўтди. «Адолат» СДП Наманган шаҳар кенгаши раиси Мирзараҳмат Олимов оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларни кўпайтириш кераклигига эътибор қаратди. Тўрақўрғон туман партия кенгаши «Аёллар қаноти» раҳбари Фароғат Абдуллаева эса аҳоли орасида тиббий маданиятини юксалтириш учун «Тиббиёт» телеканали очиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилиш қатнашчилари Мурожаатномада қўйилган вазифаларни бажаришга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+