Ёш рассомлар учун ажойиб имконият

01.11.2022 17:11:08

«Адолат» социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси билан ҳамкорликда Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан «Конституциямиз ранглар жилосида» мавзусида истеъдодли ёшлар ўртасида расмлар кўрик-танлови эълон қилинди.

Жорий йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида кўрик-танловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган тадбир ташкил этилди.

Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати вакиллари, Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимининг масъул ходимлари, партия фаоллари, ижодкор ёшлар ва оммавий ахборот воситаларидан вакиллар иштирок этишди.

Тадбир давомида партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати вакиллари сўзга чиқиб, ушбу кўрик-танловнинг мақсад ва вазифалари борасида ёшларга кенг тушунчалар беришди.

Таъкидланганидек, Бош қомусимиз «Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамиятига ўтиш»нинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Шундай экан ёшлар онгида мустақиллик туҳфа этган азиз неъмат яъни бугунги тинч ва осуда ҳаётни болалар ижодида акс эттириш партиянинг энг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.

Ёш рассомлар кўрик-танловда ўз ижодий ишлари билан фаол иштирок этишди, қолаверса, байрам шукуҳи уларнинг асарларида яққол намоён бўлди.

Тадбир якунида ёшларни қизиқтирган саволларга ташкилотчилар томонидан батафсил жавоблар берилиб, уларнинг ижодий ишлари асосида кўргазма ташкил қилинди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Қорақалпоғистон Республикаси

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+