Юрт кeлажагига дахлдорлик

11.06.2022 16:06:31

Хабарингиз бор, шу йил 17 майда мамлакатимиз парламентида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини илгари суришга қаратилган қўшма йиғилиш бўлиб ўтди. Бу билан аҳамияти жиҳатидан ниҳоятда муҳим сиёсий жараён бошланди. Шу кунларда юртимизнинг ҳар бир шаҳри ва туманида фуқаролар «Асосий қонунимиз қандай бўлиши керак?» деган саволга жавоблар изламоқдалар. Билдирилган фикр-мулоҳазалар эса Конституциявий комиссия томонидан умумлаштирилиб, таҳлилдан ўтказилмоқда. Эътиборли жиҳати – ҳар бир таклифда фуқароларнинг Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳисси акс этаётганлигидир.

Куни кеча «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши ҳам «Конституциявий ислоҳотларда ёшларнинг ўрни» мавзусида конференция ташкил этди. Тадбир вилоят марказидаги муҳандислик-технология институтининг кичик мажлислар залида ўтказилди. Унда партия фаоллари, «Ёш адолатчилар» қаноти Кенгашлари раислари, мазкур олий ўқув юрти профессор-ўқитувчилари ва талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари қатнашдилар. Конференциянинг асосий мақсади - Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда ёшларнинг фаоллигини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар олиш эди.

Конференцияни «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоев кириш сўзи билан очиб берди.

Сўнг иштирокчилар Ўзбекистон «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси Исроилжон Жўраевнинг «Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш»даги муҳим вазифалар тўғрисида»ги маърузасини тингладилар. «Конституциявий ислоҳотларда ёшларнинг ўрни» ҳақида эса, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзоси, «Келажак лидерлари» клуби аъзоси Абдулбосит Собирхонов маълумот бериб ўтди.

Шунингдек, конференцияда  Янгиқўрғон туманидаги 61-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Гулчеҳра Усмонова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзоси Нозима Акбарова, «Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова, партия Учқўрғон туман кенгаши раиси Нигора Болтабоева ва бошқалар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар

– Конференция иштирокчиларнинг фаоллигида ўтганлиги ҳаммамизни мамнун этди, - дейди Наманган муҳандислик-технология институти профессори, партиямиз фахрийси Ҳамид Аҳмадхўжаев. – Демак, мамлакатимизнинг Асосий қонунини янгилаш бўйича ташаббус ҳеч кимни бефарқ қолдирмаган. Айниқса, Ёшлар парламенти аъзоси Абдулбосит Собирхоновнинг фикрлари ўринли бўлди. Унинг оила, таълим-тарбия, экология масалалари бўйича берган таклифлари кўпчиликка маъқул тушди, деб ўйлайман. Қолаверса, унинг тенгдошларини мазкур сиёсий жараёнда фаол қатнашишга чорлагани ҳам ўринли бўлди.

Конференция якунида билдирилган барча таклиф ва мулоҳазаларни Конституциявий комиссияга жўнатишга қарор қилинди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+