Жамоатчилик назорати гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди

10.01.2024 16:01:01

Бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши мажлислар залида “Адолат” СДП нинг фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бошқа долзарб масалалар юзасидан ҳудудлар кесимида Скрининг ва перинатал марказлари, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ комплекслари, репродуктив саломатлик ва патронаж хизматлари сифати бўйича тузилган ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси - Махфурат Хушвақтова, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази бошлиғи - Дониёр Шодиев, вилоят репродуктив саломатлик бўлими бошлиғи - Наргиза Саидова, вилоят хокимлиги хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари, соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарлари, тиббиёт ходимлари, депутатлар, партия фаоллари қатнашди.


Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси - Махфурат Хушвақтованинг ахбороти тингланди.
- Перинатал марказларда жамоатчилик мониторингини ўтказишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда, - деди Махфурат Хушвақтова. - Хусусан, туманлараро перинатал марказларининг фаолиятидан аҳоли нега норози бўлаётир? Шунингдек, ҳудудлардаги патронаж хизматлари, қишлоқ ва маҳаллаларда яшаётган ҳомиладор аёлларни рўйхатга олиш ҳамда скрининг ўтказиш жараёнида аниқланган касалликларнинг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар бугунги кун талаби даражасидами? Камқонлик билан касалланган аёлларни даволаш ва уларнинг оилавий аҳволини ўрганиб, зарур ёрдамлар кўрсатиш ишлари қониқарлими? Туғуруқ комплексларига аёлларнинг бириктирилиши, зарурат туфайли ўз ҳудудларидан бошқа туғуруқхоналарга бориб туғишга мажбур бўлаётган аёлларни таҳлили каби масалалар ишчи гуруҳни қизиқтиради.
- Албатта, жамоатчилик назоратини перинатал марказлар ва репродуктив саломатлик бўлимларида ўтказиш жуда ўринли деб ҳисоблайман, - деди йиғилишда вилоят репродуктив саломатлик бўлими бошлиғи - Наргиза Саидова.- Негаки, бизни қийнаб келаётган камчилик ва муаммолар ўрганилса, бартараф этилса, мушкулимиз осон бўлади. Халқимиз биз тиббиёт ходимларидан миннатдор бўлади. Бунинг натижасида эса келгусида соғлом оналардан соғлом фарзандлар дунёга келиб, Янги Ўзбекистон тараққиётини таъминлашга ҳисса қўшади.
Мутасаддилар иштирокида ўтказилган йиғилишда ишчи гуруҳ вазифалари белгилаб олинди ва ижрога қаратилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қашқадарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+