Беғараз донорлар сафи кенгаймоқда

04.12.2023 11:12:17

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят қон қуйиш станциясида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остидаги беғараз донорлик акцияси ўтказилди.

Беғараз донорлик акциясини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган.

– Президентимизнинг 2022 йил 9 августдаги “Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарори асосида донорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича тизим яратилган, – дейди партиянинг вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳайитов. – Қарорга асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб “Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн беш бараваригача оширилди. Ушбу кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бир қатор ҳуқуқлар ҳам берилди. Жумладан, улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан бепул фойдаланиш, давлат санатория-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ва бошқа шу каби тизимли ислоҳотларнинг олиб борилиши ўта муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Анъанавий тарзда ҳар йили икки маротаба ўтаётган донорлик акцияси аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

– Мен 15 йилдан буён донорман, – дейди партия Кармана туман Кенгаши раиси Обид Шодиев. – Қон топширганда инсон организмидаги қон эркин ҳаракатланишига ёрдам беради. Бу ҳолат йўлдаги транспорт қатновига ўхшайди, йўлда транспорт кам бўлган вақтда машина қандай эркин ҳаракатланса, одам организмидаги қон ҳам шундай эркин ҳаракатланади. Шу билан бирга инсоннинг бутун организмига фойдали таъсир кўрсатади.  

Бу йилги акцияда партиянинг барча ходимлари, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари билан биргаликда корхона, ташкилот ва муассалалар, ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари ҳам иштирок этишди.

 

А.Бўриев, ЎзА мухбири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+