Ўзбекистонда социал-демократлар ўқитувчи мақомини янада кўтариш тарафдори экани айтилди

30.09.2021 11:09:24

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, фалсафа фанлари доктори Исмоил Саифназаров 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан соҳага оид фикрларини билдирди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди. 

Қайд этилишича, профессор Ўзбекистонда социал-демократлар ўқитувчи мақомини янада кўтариш тарафдори эканини маълум қилган.

«Ўзбекистон ‘Адолат’ социал-демократик партиясининг президентликка номзоди Баҳром Абдуҳалимов ўзининг сайловчилар билан илк учрашувини Қорақалпоғистондан бошлади. Бу учрашувда номзод таълим соҳаси ислоҳотларига алоҳида тўхталиб, таълимга инвестиция киритиш — Ўзбекистон келажагига сармоя киритиш, халқ фаровонлиги, давлатнинг рақобатдошлигини таъминлашнинг муҳим омилидир, деб таъкидлади.

Дарҳақиқат, таълим соҳаси жамиятимизнинг энг нозик, энг таянч соҳаси, десак янглишмаймиз, агар бу соҳани ўнглаб олсак, бошқа соҳалар ҳам ўз ўзидан ривожланиш йўлига тушиб олади.

Тўғриси, биз таълим аҳлига адолатчи номзоднинг жамиятда ўқитувчи ва мураббийларнинг обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини оширишга хизмат қилувчи ‘Ўқитувчининг мақоми тўғрисида’ги қонун ишлаб чиқилади, деган гаплари мойдек ёқиб тушди.

Чунки ўқитувчиларни, устозларни улуғлаш қадимдан келаётган удум ҳисобланади. Халқимизда ‘Устоз отангдек улуғ’ деган нақл ҳам бор. Фалсафий ривоятларга қараганда, буюк саркарда Искандар Зулқарнайдан сўрашган экан, “Нега сен ўз отанг Филиппдан устозинг Арастуни кўпроқ улуғлайсан?!, деб. Шунда Искандар подшо айтган экан, ‘Отам мени худодан сўраб, осмондан ерга олиб тушди, устозим эса мени ердан осмонга кўтарди’.

Инсоният тарихида устоз, мураббийга бўлган ҳурматга кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Ривоятларга қараганда, улуғ бобомиз Соҳибқирон Амир Темур ҳам устозларини ўта улуғлаган, ҳатто васият қилган эканки, агар вафот этсам, устозим Мир Саид Бараканинг оёқ томонига дафн этинглар, деб. Бу васият бажарилган ва Гўри Амир мақбарасини зиёрат қилганда бунинг тасдиғини кўришимиз мумкин.

Айтмасдан иложи йўқ, тарихимизда шундай даврлар ҳам бўлдики, муаллимлар, устозлар беобрў, оёқости қилинди, дарс ўтишнинг ўрнига пахта терди, кўча супурди, дарахт оқлади, ўша даврларда муаллимнинг 5 соат дарсидан 5 кило пахта афзал эди, чунки пахта кўзга кўринар, қўл билан ушлаб кўриш, оғирлигини ўлчаш мумкин эди, дарснинг эса бундай ҳиссий ўлчови йўқ, унинг натижаси бирданига кўринмайди, унинг инсон камолоти учун аҳамиятини фақат ақл билан мушоҳада қилиб англаш мумкин. Натижада мактаблардаги иқтидорли ўқитувчилар, айниқса, эркак ўқитувчилар бошқа даромадлироқ соҳага ўтиб кетдилар, мактаблардаги таълим-тарбия иши – ҳаммаси аёллар елкасига юкланди, эркаклар мактабларда жуда камайиб кетди. Масалан, Тошкент шаҳрида эркак ўқитувчилар сони 10 фоизга етмайдиган даражага келиб қолди. Бу ҳол ёшларимизнинг психологиясига, одоб-ахлоқига, маънавиятига ҳам салбий таъсир кўрсатганини ҳар биримиз бугун яхши кўриб турибмиз.

Яхшиямки, Янги Ўзбекистон даври бошланди, илм-фан, таълим соҳасига кун чиқди, биз ҳам ўзимизнинг керакли инсонлигимизни ҳис қила бошладик, кўча тозалаш, пахта териш ўрнига мазза қилиб дарсимизни бераяпмиз, муҳими, ўша дарсларни керак қиладиган талабаларимиз ҳам пайдо бўлди, мажбурий меҳнат, коррупция деган балолардан қутулдик, ойликларимиз ҳам 3-4 баравар ошди, энди ўқитувчи халқи ҳам ўз ойлигига кун кўрса бўлади, агар яхшироқ ҳаракат қилса, қўшимчалар ҳам бир талай.

Шу жиҳатдан «Адолат» социал-демократик партияси номзодининг ўқитувчи мақоми тўғрисида алоҳида қонун қабул қилиш ҳақидаги таклифи бугунги кунда ўта долзарбдир, чунки устозни улуғлаган эл ҳеч қачон кам бўлмайди».

Исмоил Саифназаров, фалсафа фанлари доктори, ТДИУ профессори.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+