Тез ёрдам машиналари жаримага тортилмоқда. Шу адолатданми?

05.08.2019 14:08:35

Тез тиббий ёрдам автомашиналарига вазифасини вақтида адо этиши учун шошилинч ҳаракат қилиши, умумбелгиланган йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмаслик ҳуқуқи берилган. Шунинг учун улар маҳсус ёритгич ва товуш сигналлари билан жихозланган.

«Адолат» СДП томонидан бу соҳада айрим муаммолар вужудга келаётгани аниқлади. Хусусан, тез тиббий ёрдам автомашиналари ҳайдовчилари махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидаларини (белгиланган тезликни ошириш, светофорнинг таъқиқловчи чироғига бўйсунмасдан ўтиш ва хк.) бузганлиги бўйича айрим ҳолатларда жавобгарликка тортилмоқда. Махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тез тиббий ёрдам хизмати хайдовчилари томонидан 2017, 2018 йилларда ва 2019 йилнинг январь ойида жами 1644 та йўл ҳаракати қоидалари бузилгани қайд этилган.

Ачинарли жиҳати бу рақамлар йилдан-йилга ортиб борган. Хусусан, 2017 йилда 339 та шундай ҳолат аниқланган бўлса, 2018 йилда 968 та, 2019 йилнинг биргина январь ойида бундай қилмишлар 120 тани ташкил этган. 2017 йилда 16 нафар, 2018 йилда 110 нафар тез тиббий ёрдам хайдовчилари жарима тўлаган. 2019 йил 1 март ҳолатига кўра, 89 та шундай ҳолатлар билан боғлиқ ҳал этилмаган, муаммоли ҳолат сифатида баҳоланаётган ишлар мавжуд. Бу эса тез тиббий ёрдам автомашиналари ҳайдовчиларининг асосли норозилигига сабаб бўлмоқда. Натижада тез тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур бўлганда ҳам светофорнинг тақиқланган чироғида кутиб туриш, белгиланган тезликдан оширмасдан ҳаракатланиши оқибатида беморга ўз вақтида ёрдам кўрсатиш имконияти пасаймоқда.

«Адолат» СДП томонидан мазкур масалани қонун йўли билан ҳал қилиш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимча киритиш бўйича лойиҳа тайёрланиб барча депутатларнинг муҳокамасига киритилди.

Ушбу лойиҳа билан махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали тезкор ва махсус хизмат транспорт воситалари ҳамда улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар қайд этилган ҳолларда ҳайдовчиларнинг кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда охирги зарурат ҳолатида содир этилган деб топилади ва маъмурий иш ушбу Кодекснинг 271-моддасига мувофиқ тугатилади деган нормани киритиш таклиф этилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш давомида АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Франция, Германия, Россия Федерацияси ва бошқа хорижий мамлакатларнинг тажрибаси ва қонун ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. Хорижий тажрибани ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, уларнинг аксариятида ва махсус хизмат транспорт воситалари ҳамда улар кузатиб келаётган транспорт воситалари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ имтиёздан фойдаланган ҳолда содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар қайд этилган ҳолларда уларнинг ҳайдовчиларини жавобгарликка тортилмаслиги қонунлар билан белгиланган.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+