“Адолат”да назм ва наво

04.02.2022 16:02:32

Бугун Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати биносида Буюк шоир, давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллиги муносабати билан «Илмлилик саодат – илмсизлик жаҳолат», деб номланган  конференция ўтказилди.

Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ижодини ўрганиш, унинг асарларидаги инсонпарварлик ғояларини фуқароларимиз ўртасида оммалаштириш ҳамда уларни ўсиб келаётган авлодларга ўргатиш орқали ёшларда эл-юрт қайғуси, Ватанга муҳаббат хислатларини янада юксалтириш мақсадида ташкил этилган мазкур конференциянинг гибрид шаклда (ҳам офлайн, ҳам онлайн) олиб борилгани, унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамасининг маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти масъул ходимлари, партиянинг Сиёсий Кенгаши аъзолари, партия Марказий аппарати ҳамда ҳудудий Кенгашлар ходимлари, «Ёш адолатчилар», «Аёллар қаноти» ҳамда «Ёшлар парламенти» аъзолари, Навоийшунос олимлар, санъаткорлар ҳамда ОАВлар вакиллари иштирок этишини таъминлаб берди.

Тадбирни очиб бериш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Зуҳра Ибрагимова сўзга чиқиб, ҳозирда дунёда юз бераётган глобаллашув жараёнларида оммавий маданиятнинг салбий таъсири миллатлар маданиятига ва маънавиятига сезиларди даражада ортгани ва бундай вазиятларда жаҳон тамаддунига салмоқли ҳисса қўшган буюк аждодларимиз хусусан, Алишер Навоийни ўрганишимиз ва ёшларимизга буюк мутафаккирни англаш имкониятини яратиб беришимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимлигини таъкидлади.

Тадбир давомида Aлишер Hавоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази директори Иномжон Азимов иштирокчиларга Ўзбек адабий тили ривожида Навоийнинг роли хусусидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашар экан, улуғ сиймо асарларининг бугунги даврда ўзбек адабий тилини оммалаштиришда юзага келаётган муаммоларни бартараф этишдаги аҳамиятини қайд этдиб ўтди.

«Ниҳол» мукофоти совриндори Илёс Арабов томонидан буюк шоир қаламига мансуб нафис ғазалларнинг ижро этилиши йиғилганларда ўзгача таассурот қолдирди.

Қолаверса, “Адолат” СДП томонидан Мир Алишер  Навоий таваллуд айёмларининг 581 йиллиги муносабати билан “Буюк мутаффакир менинг нигохимда” хаштеги остида бошланган челенжга ҳамоханг тарзда тадбир иштирокчилари томонидан бобоколонимиз қаламига мансуб ғазаллар айтилгани тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.

Тадбир якунида партия фаоллари, масъуллар ва мутахассислар билан яқинлашиб келаётган сана, 9 февраль – Алишер Навоий таваллудининг 581 йиллигини юртимизда юқори савияда нишонлаш ҳамда Буюк шоир асарларини фуқароларимиз қолаверса, етишиб келаётган ёш авлод ўртасида оммалаштириш ишларида ташаббускор бўлишлари тўғрисида келишиб олинди.

 

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+