Чорвачиликка - биоэнергия ва ёқилғи

09.03.2022 11:03:20

 

 Маълумки, мамлакатимизда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқаришнинг замонавий усулларини кенг жорий этиш, бу орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш, кооперация муносабатларини ривожлантириш, чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, мазкур соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида  чорвачилик соҳаси ва тормоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурни тасдиқлаш тўғрисида” 8 февралдаги  ПҚ-120 сонли қарори эълон қилинди.

      Қарор билан Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур; Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастурда белгиланган вазифаларни 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.

Дастур тегишли даврга мўлжалланган мақсадли параметрлар ва асосий йўналишлардан келиб чиқиб, ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган «Йўл харитаси» орқали босқичма-босқич амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Қарорда қуйидагилар Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • аҳолини чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда чорвачилик ва унинг тармоқларида ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, ушбу соҳада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга оид давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш;
  • чорвачилик соҳасида сифат назоратини кучайтириш, экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, қўшилган қиймат занжирига эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай тадбиркорлик муҳитини ривожлантириш;
  • табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни тизимли йўлга қўйиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни назарда тутувчи чораларни кўриш;
  • чорвачилик соҳасида инфратузилма хизматларини янада ривожлантириш, уларнинг сифатини яхшилаш ва турларини кенгайтириш, ушбу соҳага замонавий бозор тамойилларини кенг жорий этиш;
  • чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоғини модернизация қилиш, соҳани диверсификация қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун хусусий инвестиция ҳамда хорижий капитал оқимини кўпайтириш, шунингдек, инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилиш;
  • чорвачилик хўжаликларида меҳнат унумдорлигини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, юқори қўшилган қийматни яратишга қаратилган тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш самарадорлигини ошириш;
  • чорвачилик ва унинг тармоқларида илмий-тадқиқот, таълим ва маслаҳат хизматларини кенгайтириш билан интеграциялашган билим ва маълумотларни тарқатишнинг самарадор шаклларини жорий этиш ҳисобидан илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш;
  • чорва моллари маҳсулдорлигини ошириш ва ажратилган майдонлардан унумли фойдаланишни таъминлаш мақсадида бир гектар суғориладиган ва лалми ер майдони ҳисобидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар меъёрларини ишлаб чиқиш белгиланди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш топшириғи берилган.

Дастур чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини жадал ривожлантириш, республика аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ва ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш бўйича устувор мақсад ва вазифаларни белгилашга қаратилган.

Чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларининг жорий ҳолати таҳлили шуни кўрсатганки, бугунги кунда республикамизда жами 18032 та чорвачилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, шундан 7614 таси қорамолчилик, 3263 таси қўй ва эчкичилик, 142 таси йилқичилик, 52 таси туячилик, 1163 таси паррандачилик, 4 829 таси балиқчилик, 715 таси асаларичилик ва 254 таси қуёнчилик йўналишида ташкил этилган.

Биргина қорамолчилик йўналишида 500 бошдан 1000 бошгача чорва моли бўлган хўжаликлар сони 256 тага, 1000 бош ва ундан юқори чорва моли бўлган хўжаликлар сони 136 тага етган.

2021 йилда барча тоифадаги хўжаликларда парвариш қилинаётган қорамолларнинг 91,8 фоизи (2018 йилда 95,5 фоиз) аҳоли хонадонларига, 8,2 фоизи (2018 йилда 4,5 фоиз) фермер хўжаликларига тўғри келмоқда.

Аҳоли жон бошига гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш 47,5 килограммга (1 кишига йиллик меъёр — 46,1 килограмм), сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичи 336 килограммга (1 кишига йиллик меъёр — 310,4 килограмм) етказилган.

Дастурнинг устувор йўналишлари: Республика аҳолисини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш ҳамда чорвачилик ва унинг тармоқларида ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш; чорвачилик ва унинг тармоқларида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва қўшилган қиймат занжирини яратиш; табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни тизимли йўлга қўйиш; Чорвачилик соҳасида инфратузилма хизматларини янада ривожлантириш, уларнинг сифатини яхшилаш ва турларини кенгайтиришга қаратилган.

      Ушбу устувор йўналиш доирасида чорвачилик билан шуғулланувчи субъектларга ажратилган ерларнинг таназзулга учрашининг олдини олиш, табиий яйловларнинг ҳосилдорлигини ошириш орқали чўлланиш жараёнини секинлаштириш масалалари ҳал этилади.

     Яйлов ерларидан мақсадли фойдаланиш орқали арзон озуқа маҳсулотлари етиштирилади ҳамда чорвачилик соҳасида сув ресурслари ва энергия истеъмоли тежамкорлигига эришилади.

      Айниқса, иқлим ўзгариши, табиатнинг биологик хилма-хиллигини сақлаш ва чўлланишга қарши курашиш бўйича халқаро жараёнларни эътиборга олган ҳолда чорвачилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни табиий ресурслар барқарорлигини ва атроф-муҳит муҳофазасини таъминлашга қаратиш муҳим ҳисобланган.

   Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар:

  • чорвачилик ва унинг тармоқларида ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва органик чиқиндиларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга доир «Биоэнергия ва ёқилғи» дастурини ишлаб чиқиш;

     - ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда, маҳсулдорликни ошириб бориш ҳисобига чорва моллари бош сонининг ўсиш суръатларини мақбуллаштириш ва бу орқали атмосферага ажраладиган иссиқхона газларининг чиқишини камайтириш чораларини кўриш;

      - томорқа хўжаликларини қулай шароитларда иқлим ўзгаришига мослаштириш, биогумус, биоэнергия ва биоиситиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш белгиланган.

Чорвачилик соҳасида инфратузилма хизматларини янада ривожлантириш, уларнинг сифатини яхшилаш ва турларини кенгайтириш мақсадларига эришиш учун озуқа ишлаб чиқариш ва ем-хашак тайёрлашнинг замонавий технологияларини ишлаб чиқиш, органик материаллардан фойдаланиш, чорвачилик маҳсулотларини сақлаш ва етказиб бериш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан тегишли турдаги ускуналар ишлаб чиқаришни ривожлантириш; чорвачилик фермалари ва деҳқон хўжаликларидаги органик чиқиндилар ва иккиламчи маҳсулотларни қайта ишлаш кўламини кенгайтириш мақсадида кичик бизнес субъектларини жалб этиш вазифалари белгиланади

         Чорвачилик соҳасида илм-фанни ривожлантириш ва илмий-амалий тадқиқот ишларини такомиллаштириш учун устувор йўналиш доирасида илмий-тадқиқот ва инновацион ишланмаларни соҳани ривожлантириш учун йўналтириш ва уларни таълим ва маслаҳат муассасалари орқали амалга оширишни таъминлаш чоралари кўрилади.

      -   илмий муассасалар фаолиятини иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаш орқали илмий кадрларнинг қўнимсизлигига барҳам бериш бўйича мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ҳамда маҳаллий чорвачилик маҳсулотларини етиштиришнинг реал жараёнлари билан илм-фанни боғлаш чора-тадбирлари белгиланади.

     - чорвачилик соҳаси ривожланган етакчи мамлакатлар олимлари билан илмий муассасаларнинг халқаро ҳамкорлиги доирасида кенг кўламдаги лойиҳалар ишлаб чиқилади. Халқаро ҳамкорликни ташкил этиш бўйича тажрибаларни ошириш, замонавий бозор иқтисодиёти шароити ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш талабларига жавоб берадиган аниқ мавзудаги тадқиқотларни олиб бориш бўйича тизимли ишлар ташкил этилади.

   -  чорва ҳайвонларининг генетикаси, уларни парваришлаш ва боқиш усуллари, экологик муаммолар, қайта ишлаш масалаларида амалга ошириладиган тадқиқотларни маблағлар билан етарли миқдорда таъминлаш ва рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.

       Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгиланади:

чорвачилик соҳасида илм-фанни ривожлантириш, амалий ва инновацион тадқиқотларни чуқурлаштириш учун маҳаллий грант маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича тизимли чораларни кўриш;

халқаро фондлар ва молия институтлари иштирокида (FAO, UNDP, MASНAV, WORLD BANK, ICBA, GIZ) чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлашга кўмаклашишга йўналтирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда бунда илм-фан ва таълим муассасаларининг иштирокини кенгайтириш;

чорвачилик соҳаси доирасида хизматлар ва ахборот-маслаҳат (extension) марказлари фаолиятини йўлга қўйишга кўмаклашиш ва мувофиқлаштиришни ташкил этиш.

         Дастурни амалга оширишдан кутилаётган натижаларидан бири, атроф-муҳит муҳофазаси йўналишида; хўжалик юритишнинг замонавий усулларини жорий этиш йўналишида ривожлантириш деб белгиланган.

    Ўзбекистон Республикасида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларини ривожлантириш бўйича 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган дастурда белгиланган вазифаларни 2022 йилда амалга ошириш бўйича «ЙЎЛ ХАРИТАСИ»ида, амалга ошириладиган тадбирлар, амалга ошириш механизми, чора-тадбирлари белгиланиб, унга биноан III-бандида  Табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни тизимли йўлга қўйиш; V-бандида Чорвачилик соҳасида илм-фанни ривожлантириш ва илмий-амалий тадқиқот ишларини такомиллаштириш; VI. Чорвачилик соҳасида хўжалик юритиш фаолиятини ташкиллаштиришнинг замонавий усулларини жорий этиш; VII. Бозор муносабатлари шароитида чорвачилик соҳаси ва унинг тармоқларида банд бўлган аҳолининг ижтимоий ҳолатини янада барқарорлаштириш каби бандлар киритилиб, ижро муддати  ва масъуллар белгиланган.

Жумладан, амалга ошириш механизми сифатида, чора-тадбирлар дастурида  2022 йил 1 июлгача Ўзбекистон Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Энергетика вазирлигига чорвачилик ва унинг тармоқларида ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва органик чиқиндиларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга доир «Биоэнергия ва ёқилғи» дастурини ишлаб чиқиш маъсулияти юклатилган.

      Ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, маҳсулдорлиги паст бўлган маҳаллий зотларни юқори маҳсулдорликка эга бўлган наслли зотларга алмаштириш чораларини кўриш ҳисобига чорва моллари бош сонининг ўсиш суръатларини мақбуллаштириш ва бу орқали иссиқхона газлари чиқишини камайтириш чораларини кўриш, ташкилий чора-тадбирлар доимий равишда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Гидрометеорология хизмати маркази топширилган.

     Шунингдек, ташкилий чора-тадбирларда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишнинг иқлим ўзгаришига боғлиқ миллий ва халқаро лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этишни доимий равишда олиб бориш, Гидрометеорология хизмати маркази, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига юклатилган.

     Томорқа хўжаликларини қулай шароитларда иқлим ўзгаришига мослаштириш, биогумус, биоэнергия ва биоиситиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўламини кенгайтири ташкилий чора-тадбирларини доимий равишда амалга ошириш Гидрометеорология хизмати маркази, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси топширилган.

     Чорвачилик соҳасида илм-фанни ривожлантириш ва илмий-амалий тадқиқот ишларини такомиллаштириш учун чорвачилик соҳасидаги фермер ва деҳқон хўжаликлари ўртасида зарур асбоб-ускуналарни сотиб олиш, улардан фойдаланиш, маҳсулот сотиш, бозор ва технологик тадқиқотларни амалга ошириш йўналишидаги кластер ва кооперация тизимини йўлга қўйиш чора-тадбирлар дастури 2022 йил 1 июль Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар маъсуллиги юклатилган.

    Ташкилий чора-тадбирларида чорвачилик фермалари ва деҳқон хўжаликларидаги органик чиқиндилар ва иккиламчи маҳсулотларни қайта ишлаш кўламини ошириш мақсадида кичик бизнес субъектларини жалб этишни Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар доимий равишда амалга ошириш  топшириғи юклатилган.

      Қишлоқ жойларида хотин-қизлар меҳнати асосида чорвачилик соҳасидаги маҳсулотларни қайта ишлашни ривожлантириш ва томорқа бизнес мактабларини юритиш тизимини йўлга қўйиш. Ташкилий чора-тадбирлар, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши доимий равишда амалга ошириш топширилган.

      Ташкилий чора-тадбирларида  Халқаро фондлар ва молия институтлари иштирокида (FAO, UNDP, MASНAV, WORLD BANK, ICBA, GIZ) чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлашга кўмаклашишга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда бунда илм-фан ва таълим муассасалари иштирокини кенгайтириш. 2022 йил 1 октябрь Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар амалга ошириш юклатилган.

    Ушбу яратилган имкониятларда самарали фойдаланиш учун учун мамлакатимизда ва хорижда яратилаган мавжуд бўлган потенциални ишга солишимиз керак. Жумладан, Республикамизда фермер хўжаликлари ва аҳоли хонадонида кўп сонли қорамол, қўй эчкилар, парррандаларнинг   ҳаёт-фаолиятидан 100 млн.куб.м ортиқ чиқинди ҳосил бўлади.

Хомаки ҳисоб-китобларга кўра, республикада биогазнинг имкониятлари 8,9 млрд.куб.м. иссиқлик чиқариш қобилиятига кўра, 6,5 млрд.куб.м табиий газга тўғри келади ёки бу рсспубликанинг 10% энергия ресурсларга бўлган талабини қондириши мумкин.

Биогазни ўтин ёқиладиган печкага нисбатан иқтисодини санаб ўтсак:

Овқат пишириш, печкага хизмат қилишга   кетадиган вақтни тежалади.

Тезак тўплаш ва қуритиш, бегона ўтлар чопиқ қилинмайди. Печкали ёқилғи ёки электр қувватига сарф бўладиган, минерал ўғит сотиб олинадиган пул иқтисод қилинади. Биогумусдан фойдаланилганда ҳосилдорлик ошади. Электр энергияси ишлаб чиқариш учун ёқиладиган кўмир, ўтин ёки ёқилғининг миқдори камаяди, натижада карбонат ангидрид (иссиқхона гази) ва заҳарли ёнувчан моддалар ҳосил бўлиши камаяди.Томорқа ва далада бегона ўтлар камаяди, уларнинг уруғи тўплагичда ўлади. Ҳовлида гўнгдан келадиган ўткир бадбўй ҳид камаяди.

Тупроққа экологик таъсири. Минерал ўғит тупроқни ва сувни ифлослантириб,   катта зарар келтириши мумкин. Ваҳоланки, биоўғит мутлоқо экологик соф ҳисобланади.  Бундай ўғитнинг 1 килограмми самарадорлиги жиҳатидан 100 кг оддий гўнгга тенглаша олади.

Тўғриси, чиқиндини қайта ишлайдиган қурилмани қуриш учун маълум миқдорда капитал харажатлар талаб этади, бундай лойиҳалар ўзини ўзи тез қопламайди ва давлат дотациясини талаб қилади. Етакчи давлатлар, жумладан, Германия ва кўпгина Европа мамлакатлари биогаз ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш йўлидан бормоқда. Бу “яшил тариф” шаклида амалга оширилмоқда, яъни, электр ва иссиқлик энергиясини оширилган нархларда сотиб олмоқда.  ЖумладанГерманияда 1993 йилгача биогаз қурилмалари сони 250 тагача етган. Фақат 1990 йилдан бошлаб, жамоатчилик тормоқларига бундай электр энергияни нисбатан атиги 10 цент/кВт га кам сотишга имконият берилиши кафолатланиши қонунида пайдо бўлиши, қурилмаларнинг сонини 2000 йилга келиб, деярли тўрт баробар, яъни 1000 тага ошишига сабаб бўлган.

Ривожланган давлатлар ичида Хитой биогаздан фойдалаииш бўйича энг пешқадам, бу ерда доимий асосда ахлатхона ва канализацияларда 20 млн. ортиқ биогаз қурилмаси ишлаб турибди. Барча ишлаб чиқарилган газ хусусий фойдаланишга йўналтирилган, кичик газ тормоқларига улаш кўзда тутилмаган.

 Мамлакатимизда БМТнинг Ўзбекистондаги Ривожлантириш Дастури, Глобал Экологик Фонд(ГЭФ) ва Кичик Грант Дастури кўмагида Наманган, Хоразм, Қашқадарё, Сирдарё, Тошкент вилоятларида биогаз қурилмалари қурилган ва фойдаланилмоқда

.   Шу билан бир қаторда биз билан ҳамкорликда фаолият юртитаётган “UZDIOGAZ” (аввалги номи “Экоравнақ”) МЧЖнинг раҳбари Хитой технологияларини ўрганиб келиб, Сирдарё, Тошкент вилоятларида чорва фермаларида 4 та йирик биогаз қурилмаларини қуриб, фермерларга фойдаланиш учун топширди. Ундан ташқари, Хитой технологиясини маҳаллий шароитга мослаб, хонадонлар учун кичик ҳажмдаги инновацион биогаз қурилмаларини Самарқанд вилоятидаги 3 та хонадонларига қуриб берди. Шуниси эътиборга сазоворки, 2 та сигири бор хонадон эгаси оиласи учун ҳар куни  бемалол 15 куб.м биогаз билан таъминланиши мумкин, уни қўлласа, баллонли сиқилган газга эҳтиёж қолмайди. Нархи ҳам қимматга тушмайди  ўзини  2 йилда оқлайди. Ушбу “UZDIOGAZ” МЧЖ “Ўзэкспомарказ”да бўлиб ўтган “Халқаро инновацион ярмарка”нинг Халқаро  инновация ҳафталиги”да ўзининг биогаз қурилмаси лойиҳаси билан муваффақиятли иштирок этиб келади.     Шунингдек, Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги эълон қилган “Устивор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва “стартап” лойиҳаларини ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида танлаб олиш ва молиялаштириш” танловига иштирок  этган.

         Мамлакатимиздаги ҳар бир чорвачилик фермаларида ва томорқа хўжаликларида ва ўз биогаз ишлаб чиқаришини йўлга қўйишимиз зарур.  Ўзбекистондаги корхоналари ўз навбатида мавжуд биоэнергия ва ёқиғи бўйича илмий ишланмаларни, шу жумладан биогаз технологиясини олдинги сафларда ўзлаштиришни мақсади қилиши, уни кенг қўллашига  етарлича база яратиш керак, бу биринчи навбатда, биогаз ишлаб чиқариш жараёнини маълум даражада тезлатган бўлар эди.

Биогаз қурилмасини афзалликлари, иқтисодий асосларига ва фойдаланишга бағишланган иқтисод фанлари номзоди, Халқаро Экология, инсон ва табиат Академияси, ҳақиқий аъзоси, академик К.Шадиметовнинг 5 та қўлланмалар чоп этилиб, интернет саҳифаларига қўйилган.  Улар Олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари учун  “Ўқув дастурлари” да фойдаланиладиган адабиёт сирасига киритилган.

          Айниқса, унинг “Ўзбекистонда биоэнергетиканинг инновацион ривожланиши” рисоласи (2020),  Қайта тикланувчи ёқилғи – биогаз (мақола), Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Информацион энергия самарадорлик порталида; Инновационное развитие биоэнергетики Узбекистана (статья), Информационный портал по энергоэффективности Министерство энергетики Узбекистана, “Biogaz – qayta tiklanuvchi yoqilgi”, XXI АSR TEXNOLOGIYALARI журнали № 3, 2018, «Илм-фан ва инновацион ривожланиш» илмий журналида “Энергетика ресурсларини ишлаб чиқаришда биологик хомашёлардан фойдаланиш” 3/2020,  мақолалари эътиборга лойиқ ҳисобланиб, келинмоқда.

Шунингдек, грант доирасидаги китобларининг барча нусхалари республикамизнинг   вилоятларидаги тадбиркор ва фермерларга тарқатилган.  Халқаро ва республика миқёсидаги 7та журналларда ва 30тадан ортиқ газеталарда мақолалари эълон қилинди, уларнинг аксарияти инновацион фаолиятни таҳлилига бағишланган.  Ўзбекистон радиоканаллари ва телекўрсатувларида чиқишлар қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, шундай хулосага қилиш мумкинки, Европа ва Хитой лойиҳаларидан кам бўлмаган, рақобатбардош “биоэнергия ва ёқилғи” дан фойдаланиш учун биогаз қурилмаларини ишлаб чиқаришни ва кенг фойдаланиши учун қуйидагиларга эътибор қаратилиши керак:

1.Барча вилоятлар миқёсида чорвачилик биомассасини қайта ишлаш жараёнини тезлатиш, қурилмаларини қуриш ва ва фойдаланиш режаларини тузиш;

2.Биогазда ишлаб чиқаришда метан тўпланиши, бижғишини, хом ашё тури ва сифатидан қатъий назар, мукаммалларига нисбатан 15% ошириш;

3.Капитал харажатларни камайтириб, технологиялар кўламини саноат масштабига етказиб, нархини арзонлаштиришга эришиш, давлат дотациясини қўллаш механизмини ишлаб чиқиш;

4.Технологияни иқлимга барқарор бўлиши (қиш, ёз, жанубий ва шимоли вилоятлар иқлимига мос) талабларини бажариш,бунинг учун юқоридаги муаммоларга илмий ёндошиш;

5.Мамлакатимизда биогаз технологияларини яхшилаш йўналишида ишлаётган гуруҳларнинг кўпайтириш, “UZDIOGAZ” МЧЖ (ЭКОРАВНАҚ) корхонасида ва бошқа корхоналарда хонадонлар учун кичик ҳажмли биогаз қурилмасининг  ускуналарининг тўпламларини  ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш);

6.Олмалиқ Металлконструкцияси заводи каби корхоналарда йирик ҳажмли биогаз қурилмалари учун (биогаз  ускуналари тўпламларини, жумладан метантенк( реакторлар) учун цистерналар ишлаб чиқариш); 

7.Микробиология илмий-текшириш институти (биомассани қайта ишлаш жараёнини тезлатиш учун ачитқилар ишлаб чиқариш);

  1. Тошкент Давлат Аграр университети ва Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш институтида ва бошқа уларнинг филиалларида биогаз ускуналаридан фойдаланиш бўйича кадрлар тайёрлаш билан бирга уни технологиясини ривожлантириш, мукаммаллаштириш устида ишлаш олиб борилса, айни муддао бўлар эди.

 

К.ШАДИМЕТОВ
Халқаро экология, инсон ва табиат хавфсизлиги
фанлари академиясини ҳақиқий аъзоси, академик,
иқтисод фанлари номзоди,
Ўзбекистон “Адолат” СДП  Инновация,
муқобил энергетика тарғиботи маркази раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+