ТУРКИЯ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ МАМЛАКАТИМИЗГА ТАШРИФИ САМАРАЛИ ВА МАЗМУНЛИ БЎЛДИ

31.03.2022 11:03:57
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған 29-30 март кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.

Тошкентда ўтган музокараларда кўплаб келишувларга эришилди.

Ташрифнинг иккинчи куни олий мартабали меҳмон Хоразм вилоятига келди.

Хоразм вилоятида ушбу ташрифга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Кўчалар икки мамлакат давлат байроқлари билан безатилган, ранг-баранг панноларга халқларимиз дўстлиги ва қардошлигини тараннум этувчи сўзлар ёзилган.

Ўзбек ва турк халқлари тарихи асрлар давомида шундай мустаҳкам илдизлар билан боғланганки, уларни бир-биридан айро тасаввур қилиш мушкул. Турк халқи Ўзбекистон заминини муқаддас деб билади ва уни “ота юрт”, деб эъзозлайди. Қардош турк халқининг диёримиз ва халқимизга бўлган чексиз меҳри ва ҳурматини англаш, ҳис қилиш учун шунинг ўзи етарли.

Урганч халқаро аэропортида Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған ва унинг рафиқаси тантанали кутиб олинди. Миллий қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Йиғилганлар ўзбек ва турк халқлари дўстлигини олқишлади.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдоған Хивадаги Ичан қалъага ташриф буюрди.

Маълумки, икки етакчининг ҳам тарихга қизиқиши, ҳурмати баланд. Давлатимиз раҳбари Туркияга ташрифи чоғида Истанбулдаги Топкапи саройини бориб кўрган эди. Режеп Таййип Эрдоған илгари юртимизга келганида Бухорони зиёрат қилган.

Бу қалъа Марказий Осиёда сақланиб қолган бирдан-бир бутун бошли шаҳар-ёдгорликдир. Унинг «очиқ осмон остидаги музей» дея эътироф этилиши шундан. Бу ерда 120 дан зиёд меъморий обидалар бор.

Хива шаҳри 1990 йил 12 декабрда ЮНЕСКО Маданий мерос рўйхатига киритилган. 1997 йилда шаҳарнинг 2500 йиллик юбилейи нишонланган.

Бу узун тарих давомида Хива кўплаб туркий давлатларнинг маркази бўлган. У 2020 йилда Турксой халқаро ташкилоти томонидан Турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилинган.

Шу жиҳатдан, Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг бу қадимий шаҳарга ташрифи катта маънога эга.

Меҳмонлар Ичан қалъадаги Ота дарвоза, Кўк минора, Кўҳна арк саройи ва мадрасалар, ҳунармандлик расталарини кўздан кечирди. Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Жума масжиди зиёрат қилинди.

Давлат раҳбарлари ҳунармандлар, сайёҳлар билан самимий суҳбатлашди.

Хоразмча қўшиқ ва рақслар ижроси барчага кўтаринки кайфият бахш этди.

Хиванинг давлатчилик ва илм-фан ривожида тутган ўрни, қадимий обидалари ва санъати туркиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шу билан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг мамлакатимизга расмий ташрифи якунига етди.

Урганч халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Президентимиз Шавкат Мирзиёев кузатиб қўйди.

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+