Адолатсизлик – тараққиёт душмани

15.04.2024 12:04:32

Эрта тонгда уйқудан уйғониб, ҳовлига йўл олар эканман, қушларнинг чуғур-чуғури, осмоннинг мусаффолиги, шафтоли гулларининг ифори дилга шукроналик ҳисларини тортиқ этади. Хотиржамлик билан уйғониш, оила аъзолари жам бўлиб, бир дастурхон атрофида нонушта қилиш, гўзал дуолар қилиш ҳам инсон учун Тангри тортиқ этган улуғ бахт аслида.
Мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни Жиззах вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда дунёда содир бўлаётган воқеалар хусусида билдирган фикрлари барчамизни огоҳликка чорлаши зарур.
- Жаҳонда нималар бўлаётганини сиёсатдан узоқ одам ҳам кўриб, биляпти. Мен сиёсатчи эмас, деган одам ҳам шуни кўриб, тушуниб етяпти. Жуда кўп масалалар бор – ечими йўқ. Халқаро майдонда баланс бузилди. Қонун-қоидалари мутлақо ўзгарди. Ҳатто дўстим деб юрган давлатлар ўртасида ўзаро ишонч йўқ бўлди, десак, бу ҳам адолатли, – деган президент.
-Бу гапларни сизларга нима учун айтяпман? Бу мусаффо мустақилликнинг қадрига етяпмизми, йўқми? Ташқаридан таҳлика, нима бўлишидан қатъи назар, агар биз одамларимизни рози қилсак, ўша таҳдидга биз тайёр бўла оламиз”.
Юрт раҳбари халқни ўйлаётган бир вақтда, мамлакат қонуни устуворлиги учун курашадиган қонун ҳимоячилари тамагирлик билан қўлга тушса, яна жиноятчиликка қаши кураш бошқармаси масъул ходимлари гиёҳвандлик савдосига бош бўлса? Интернет тармоғи саҳифаларини ўқир эканмиз, халқ фаровонлиги учун астойдил тер тўкиши керак бўлган ҳокимлару ҳоким ўринбосарлари, мутасадди ташкилот раҳбарлари қилаётган талон-торожликлар, порахўрликлар акс садосини кўрамиз. Булар ҳам шу ўзбек халқининг фарзанди, халқ фаровонлиги, ватан тараққиёти учун кураши керак бўлган инсонлар эмасми? Тамагирлик ватан тараққиёти кушандаси, деймиз. Нафс домига тушган инсонларнинг нопок ҳаракати халқнинг норозилигига сабаб бўлиши, инсонлар кўнглида ўз келажагига бўлган ишончсизлик туйғусини ортишига сабаб бўлмайдими?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг Қонунчилик палатасида ахборот фаолиятини мувофиқлаштириш ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик масалалари бўйича ўринбосари Одилжон Тожиев томонидан Ўзбекистонда пора билан қўлга тушган судьялар ва прокурорлар томонидан кўрган ишларни қайта кўриб чиқиш таклиф қилинди.
“Бугун яна бир прокурор пора билан қўлга тушди. Ўтган ҳафта эса Мингбулоқ туман суди раиси пора билан қўлга олинган эди.
Афсуски, бундай ишлар одатий ҳолдек ўтиб кетмоқда. Бироқ қонунни амалда қўллаш орқали қонунийликни таъминлаш асосий бурчи бўлган бу каби шахсларнинг ўзлари қонунни бузишаётгани одамларда қонунларга, пировардида эса давлатга бўлган ишончни йўқотади.
Шу боис, бундай шахсларнинг жиноятига баҳо беришда уларнинг ўтган фаолияти давомида фуқароларга нисбатан тасдиқлаган айблов хулосалари ва қабул қилган қарорларига ҳам баҳо берилиши керак. Чунки, бу каби нолойиқ шахсларнинг ҳаракатлари оқибатида қанчадан-қанча фуқаролар ноҳақ айбланиб, ноҳақ судланиб кетган бўлиши мумкин”, дея ёзди Одилжон Тожиев (Кун.уз).
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурининг янги лойиҳаси учун мен ана шу тамагирликларга нисбатан қонундаги жавобгарликни кучайтириш ташаббусини илгари суришни таклиф қилардим.
Ватан келажаги – фарзандларимиз, келажак авлодимиз тақдири билан муштарак экан, таъмагирлик иллатини барҳам топмас экан, тараққиёт пойдевори хавотирдан ҳоли бўлмайди. Пойдеворнинг мустаҳкамлиги эса қонуннинг кучи ва амали билан ҳаётда ўз ифодасини топа олади.

Гулчеҳра Аҳмедова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши Матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+