Биз ёшлар коррупцияга қаршимиз!

13.04.2024 09:04:19

Партиянинг Денов туман Кенгаши томонидан Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида “Биз ёшлар коррупцияга қаршимиз!” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда партия Денов туман Кенгаши вакиллари, депутатлар, институт ўқитувчи профессорлари, талабалар иштирок этишди.
Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад - ўсиб келаётган ёшларда коррупцияга қарши муросасиз курашиш маданиятини ривожлантириш, уларнинг жамият ҳаётига дахлдорлигини янада оширишдан иборат эди.
Тадбирда маърузачилар томонидан бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий маданиятини шакллантириш, уларнинг фаоллиги, жамиятдаги ўрнини ошириш, ҳар қандай ишга масъулият билан ёндашган ҳолда салбий иллатларга қатъий курашиш лозимлиги таъкидланди. Коррупцияга қарши курашишда, аввало, ёшларнинг онгини маънавий жиҳатдан юксалтириш лозимлигига аҳамият қаратилди.
Алишер Йўлдошев, Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати, тадбир иштирокчиси:
- Айтиш жоизки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг барча соҳалари ривожланишига жиддий путур етказади, тараққиётни секинлаштиради, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади, ҳуқуқ ва манфаатлар бузилишига сабаб бўлади.


Бугунги кунда бутун жаҳон миқёсида ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Бу борада ҳар биримиздан ҳушёрлик ва масъулиятлилик талаб этилади.Агарда коррупцияга қарши ўз вақтида курашилмаса, жамиятда ижтимоий тенгсизликни юзага келтиради. Аҳолини, халқни олиб борилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини йўқ қилади ҳамда жамиятда мавжуд ижтимоий муносабатларда адолатсизликни вужудга келтиради. Энг ёмони, аҳоли ўртасида турли хил норозиликларни келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, коррупция ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг чуқурлашишига сабаб бўлади. Коррупция тизгинланмаса, тараққиёт йўлида қилинаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ўз самарасини бермайди. Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширади, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатади.
Тадбир сўнггида туман Кенгаши вакиллари ҳамда иштирокчилар коррупция ва унга қарши кураш масалалари, коррупцияга нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантириш тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Севара Хуррамова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+