“Хон атлас” ҳафталигида Адолатчилар ҳам фаол иштирок этишди

15.04.2024 14:04:41

“Хонатлас” ҳафталиги доирасида шаҳару қишлоқларимизда, корхона, ташкилот, муассасаларда ҳам миллий қадриятларимизни улуғлашга қаратилган тадбирлар кўлами ортди.
Бошида ироқи дўппию, эгнида атлас либос кийган хотин-қизлар баҳор фаслининг таровати билан янада гўзаллашишди. Самимий мулоқотлар давомида момоларимиздан қолган гўзал урф-одатлар яна бир бор ёдга олиниб, гўзаллик тимсоли бўлган қизларнинг сочлари ўрим-ўрим бўлиб, зар кокилларга айланди. Кўнгиллар тўрини эса ёқимли ҳислар эгаллади.


Миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтириш, ўзбекона кийиниш маданиятини, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш мақсадида республикамиз бўйлаб ўтказилаётган "Хон атлас" ҳафталиги Қўқон шаҳрида ҳам бўлиб ўтди.


Ушбу тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева бошчилигидаги партиянинг «Аёллар қаноти» фаоллари ҳам фаол иштирок этишди. Албатта, республика миқёсида ташкиллаштирилган тадбирдан кўзланган мақсад - қадриятларимизни улуғлаш эди. Хотин-қизлар миллий либосларимизда халқимизнинг минг йиллик ўтмиши, урф-одат ва анъаналари, диди, эстетик қарашлари, шунингдек, ўзига хос хусусиятлари мужассамлигини намоён этишди.


- Камалак жилосидек товланувчи матоларимиз бугун дунё аҳли эътирофида. Ипак толасидан яралган атлас ва адраслар табиий бўёқлар билан уйғунлашиб, нафақат гўзалликка, балки уни кийган ҳар бир аёлларимизнинг жисмоний саломатлиги ва руҳиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади, - деди партия етакчиси Шаҳноза Ғаниева.
- Тадбирда иштирок этар эканмиз, хотин-қизларнинг кўзларидаги қувонч ва бахтиёрлик, эртанги кунга бўлган ишонч туйғуларини кўриб, байрамнинг шукуҳини, файзини улуғворлигини ҳис қилдик.
Миллий либослар ҳафталиги доирасидаги тадбирлар баҳона қадриятларимиз улуғланиб, либосларимизга бўлган меҳр ва муҳаббат янада ортгани ҳаммамизни бирдек қувонтирди.

Гулчеҳра Аҳмедова
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Фарғона вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+