Хотин-қизлар саломатлиги партия нигоҳида

25.07.2024 17:07:14

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига қараганда, дунё юзи бўйлаб 2023 йилнинг ўзида 20 миллиондан ортиқ инсонлар онкологик касалликларга чалинган. Касаллик туфайли бир йилнинг ўзида 9,7 миллион киши дунёдан кўз юмган. Онкологик касалликлар қанчалик тез аниқланса, уларга қарши курашиш ҳам шунчалик осонлашади.

Бир йилда бир марта аёлларнинг чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши касалликни эрта аниқлашда ёрдам беради. Бу борада Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникасида 45-65 ёшдаги аёллар ўртасида чуқурлаштирилган бепул тиббий мобил маммография текширувлари олиб борилмоқда.

Ушбу ишларни янада такомиллаштириш, аёллар саломатлиги бўйича муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон «Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан тузилган ишчи гуруҳ ҳамкорликда ўрганиш ишларини олиб борди.

Тарғиб қилинган хизмат турлари, аёлларни рўйхатга олиш, онко ва маммоскрининг, УЗИ ва бошқа йўналишдаги кўриклардан ўтиши, аниқланган касалликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, тиббий ускуналар билан таъминланганлик даражаси ҳамда беморлар учун яратилган имкониятлар билан танишди.

Ўрганишлар давомида жорий йилнинг шу кунига қадар 2853 нафар хотин-қизлар маммография текширувидан ўтказилган бўлиб, 78 нафар аёлда саратон касаллиги аниқланган. Беморларнинг олтмиш бештаси касалликнинг 1-2 босқичида — енгил, ўн учтаси 3-4 босқичида, яъни оғир аҳволда аниқланган бўлиб, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тадқиқот тиббиёт марказига даволаниш учун юборилган.

Ишчи гуруҳ томонидан тадбир якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, онкологик касалликларнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш борасида олиб борилаётган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар хизматини янада юқори босқичга олиб чиқиш тўғрисида зарур маслаҳатлар берилиб, таклифлар ҳам тингланди.

Бу каби ўрганишлар республикамиздаги барча тиббиёт бирлашмаларида давом этмоқда.

Амангул Есемуратова
Ўзбекистон «Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+