Инсон қадри - қалблар ободлигидан юксалади

01.03.2022 09:03:00

Муҳтарам Президентимизнинг 23-24-февраль кунлари Қорақалпоғистон Республикасига бўлган ташрифи қорақалпоқ халқи учун унитилмас таассуротларга бой бўлди.

Аввалги ташрифларидан фарқли ўлароқ, бу сафар Тошкент шаҳридан тўғри Мўйноқ аэропортига келиб тушиши, мураккаб экологик муҳитда яшаётган туман аҳолисига бўлган юксак ҳурмат ва эътибордан далолат беради.

Сўнгги йилларда Қорақалпоғистон ва унинг келажаги боғлиқ қабул қилинаётган ҳар бир қарор ва дастурларда Мўйноқ тумани учун алоҳида режалар белгиланаётгани бежизга эмас.

Янгидан барпо этилган аэропорт фаолияти билан танишган давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, эндиликда ушбу маскан туман аҳолисининг узоғини яқин қилишга хизмат қилиши, одамлар ундан доимий фойдаланиб, туман иқтисодиётига ҳам салмоқли ҳисса қўшиши аниқ.

Ҳақиқатан ҳам Мўйноқ тумани сўнгги 4-5 йил ишида Президентимизнинг шахсан ташаббуслари билан кенг кўламли ислоҳотлар натижасида гўзал ва обод масканга айланиб улгурди.

«Маданият Мўйноқдан бошланади» деган қанотли сўзлар бугун ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда.

Ташриф давомида аҳоли саломатлиги, аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш, одамларни ҳаётдан рози қилиш борасида бирқанча ташаббуслар илгари сурилди.

Ёш авлод тарбияси, тиббиётни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар биз партия фаолларини ҳам бефарқ қолдирмайди.

Давлатимиз раҳбарининг болаларни 2 ёшдан боғчага қамраб олиш ва «Агар Тошкент шаҳридан тиббиёт соҳаси вакиллари Қорақалпоғистонга келиб ишласа, ойлигига 100 фоиз устама, агар Муйноқга келиб ишласа устама 2 баробар бўлади» деган фикрлари таълим ва тиббиёт соҳаси вакилларини ўз электорати деб билган ва уларнинг ижтимоий ҳимояси йўлида фаолият олиб   

 бораётган партиямиз депутатлари ва фаоллари олдига янги вазифалар белгилайди.

Орол денгизининг қуриган тубида амалга оширилган яшил қоплама барпо этиш буйича тўпланган тажрибани илмий асосланган тарзда давом эттириш, қишлоқ хўжалиги маданиятини ошириш, инновацион технологияларни жорий этиш масаласи партиямизнинг ҳар бир соҳага инновацион янгиликларни олиб кириш ғояларининг амалга ошишига хизмат қилади.

Тахтакўпир туманидаги олис ҳудудлардан бири “Белтов” овул фуқаролар йиғинида “Обод қишлоқ”, Нукус шаҳридаги “Чимбой гузари” маҳалласида «Обод маҳалла» дастурлари асосида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш ғоясининг амалий ифодаси сифатида кўзга ташланади.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли, Нукус шаҳрини 2022 йилда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, умумий қиймати 1 триллион 361 миллиард сўмлик 10 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган ва бунинг натижасида қўшимча 3 мингта иш ўрни яратилади.

Одамларни ишли қилиш, оилалар фаровонлигига, тинч ва хотиржам ҳаётга имкон яратади.

Партиямиз сайловолди дастурида энергиянинг мавжуд барча муқобил турларини комплекс равишда ривожлантириш орқали рақобатли энергетика бозорини ташкил этишни рағбатлантириш, энергияни тежайдиган инновацион технологияларни жорий этишни масаласига алоҳида урғу берилган.

Беруний туманида Президентимиз томонидан “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда қуввати 100 мегаватт бўлган шамол электр станциясига тамал тоши қўйилиши ҳам ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

Нукус шаҳридаги инвестиция лойиҳалари ситуацион марказига бўлган ташриф Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий томондан янада ривожлантиришга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Давлатимиз раҳбари марказ иш фаолияти билан танишган ҳолда, Оролбўйи ҳудудини биргаликда ривожлантириш учун вилоят ҳокимликлари томонидан ташкил этилган режалар тақдимоти  билан танишди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, мамлакатимиз раҳбарининг  Қорақалпоғистонга бўлган навбатдаги ташрифи қорақалпоқ халқи келажаги билан боғлиқ кўплаб ташаббусларга, улуғ мақсад ва ғояларга асос бўлди.

Мамлакатимизда инсон қадри барча ислоҳотларнинг бош ғоясига айланган.

Инсон қадри эса, ислоҳотлар натижасида кундан-кунга чирой очаётган овул ва маҳаллалар жамоли ва инсонлар кўнглидаги ободликдан юксалиб бораверади.

Н.ҚАЙПБЕРГЕНОВ,

«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+