Конституция барчамиз учун мустаҳкам ҳимоя

06.12.2022 18:12:12

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти тадбиргоҳида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан «Истиқлолнинг истиқболли қомуси» мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари, депутатлар, институт профессор ўқитувчилари, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Бош қомусимиз тарғиботига бағишлаб ўтказилган тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон қаҳрамони Муҳаббат Шаропова маъруза қилди.

- Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, йиллар ўтган сайин асосий Қонунимизнинг ҳаётимиз, тараққиётимиз учун аҳамияти қанчалик катта эканлигига, танлаган йўлимиз ниҳоятда тўғри эканлигига қайта - қайта ишонч ҳосил қилаверамиз,-деди Муҳаббат Шаропова. - Фуқароларимизнинг муносиб ҳаёт кечиришларини, тинч тотувлигини таъминлашни асоси ҳисобланган Конституциямиз ҳақиқатдан ҳам халқчилдир. Унда мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган барча миллат ва элатларнинг ҳақ –ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари мустаҳкам ҳимояланган.

-Конституциямизда ҳар бир фуқаронинг таълим олиш ҳуқуқи кафолатланган, - деди партия вилоят Кенгаши раиси Руиддин Раупов. - Бахтимиз қомусимизда  давлат суверенитети, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари муқаддас эканлиги қатъий белгилаб қўйилган. Бош Қомусимиз - дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимизни, тенглар ичра тенглигимизни, келажаги буюк давлат қуришга бел боғлаган бағри кенг, меҳнаткаш, кўп миллатли Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи ҳужжат сифатида бизнинг йўлларимизни чароғон этувчи юлдуздир.

Тадбирда институт профессори, партия фаоли Хайрулла Давланов, ҳуқуқшунос Баҳоргул Намозова, вилоят Кенгаши мутахассиси Достон Нусуровлар ҳам сўзга чиқиб, суверен ва демократик давлат қуриш йўлидан қатъий бораётган Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Конституциямиз билан фахрланиши, фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва бурчлари, жамият ва шахс ўртасидаги муносабатлар адолатли белгилаб берилганлиги билан ҳам янада аҳамиятли эканлиги хусусида тўхталиб ўтдилар.

Тадбир сўнггида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига мутасаддилар томонидан жавоблар олдилар.

Мадина Аллабердиева,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти 4-босқич талабаси,

«Ёш адолатчилар» қаноти фаоли.

 



Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+