Оилани асраб-авайлашга барчамиз масъулмиз

04.02.2022 15:02:10

Агарда ўтган йилларга назар соладиган бўлсак, эълон қилинган йилларнинг ҳар бири қайсидир маънода оилаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. “Аёллар йили”, “Соғлом авлод йили”, “Она ва бола йили”, “Қарияларни қадрлаш йили”, “Обод маҳалла йили”, “Меҳр-мурувват йили”, “Сиҳат-саломатлик йили”, “Мустаҳкам оила йили”, “Обод турмуш йили”, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”...

Мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида жамиятнинг қуйи бўғини - оиланинг ҳуқуқий асослари ҳам тобора мустаҳкамланмоқда. Зеро, маънавий етук, жисмонан соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёс. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек, ҳар бир инсон ҳаётида энг муҳими, бу — оила. «Оила - муқаддас. Муқаддаслиги шуки, авваламбор қаерда ишлашидан қатъи назар, ким бўлишидан қатъи назар агар оилада тарбия, оилада муҳит, оилада ҳалоллик, муносабат, тарбияга алоҳида эътибор бермаса, ҳеч қачон натижа бўлмайди.

Ўзига хос миллий давлатчилик тарихимиз, халқимизнинг азалий қадрият ва анъаналари эътиборга олиниб, Конституциямизга алоҳида “Оила” боби киритилди.

Мазкур бобда оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, унда никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш, ўз навбатида, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурликлари, фарзандлар ота-оналарининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши ўз ифодасини топган.

Келажак авлоднинг соғлом бўлиши - бўлажак оила соҳибларининг соғлиги билан бевосита боғлиқ. Ёш авлоднинг соғлиги - жамият соғлиги демакдир. Миллат генафонди бой, дунёга келадиган гўдаклар соғлом, бақувват бўлиши учун, аввало, оила қураётган йигит-қизлар соғлом бўлиши керак. Бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Бу ҳужжатнинг замирида оилани мустаҳкамлаш, жамиятда никоҳланувчи шахсларнинг, она ва бола саломатлиги учун махсус шароит, ахлоқий норма ва қоидаларни шакллантириш каби мақсадлар мужассам.

Жамиятда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилини самарали жорий этиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш, «Соғлом оила — соғлом жамият» ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашиш ишлари ташкил этилмоқда.

Бугун маҳаллаларда соғлом оилани шакллантириш, оилавий масалаларга оид қонун меъёрларини аҳолига тушунтириш ва уларга риоя қилиш бўйича тарғибот ишларини амалга ошириш натижасида турли оилавий келишмовчиликларни маҳалла доирасида, тажрибали нуронийлар, фаоллар ёрдамида ҳал этиш орқали жамият устуни бўлмиш оилани мустаҳкамлашга  эътибор қаратилмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад,  нафақат бахтли ва фаровон турмуш кечириш, балки эртанги кун эгаларини комил инсон қилиб тарбиялашдир. Зеро, баркамол авлод бугун илм-фан, спорт, санъат, маънавият ва маърифат, тадбиркорлик ҳамда замонавий инновациялар каби тули хил соҳаларда улкан муваффақиятларни қўлга киритишмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз миқёсида олиб борилаётган барча ислоҳотлар замирида халқ фаровонлиги, мамлакат тинчлиги, оилалар мустаҳкамлиги ва соғлом, баркамол авлодни тарбиялашдек эзгу мақсадлар ётади. Ана шундай эзгу мақсадлар ушаладиган маскан эса, шубҳасиз - оиладир.

Шундай экан, уни асраб-авайлаш, мустаҳкамлашга барчамиз масъулмиз.

 

Абидова Хуршида,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти

 Бўка тумани раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+