Ўзбекистон ва Покистон: ҳамкорлик алоқалари янада ривожланади

07.03.2022 09:03:49

Ўзбекистон ва Покистон муносабатлари хақида тўхталар эканмиз, энг аввало, Покистон мамлакатимизнинг ишончли ҳамкорларидан бири эканлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Ушбу мамлакат Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йилнинг 20 декабрда тан олган, ўзаро дипломатик муносабатлар эса 1992 йил 10 майдан бошлаб ўрнатилган.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Покистон билан ўзаро шериклик муносабатларини ривожлантиришга катта аҳамият бериб келмоқда. Давлатларимиз ўртасида сўнгги йилларда эришилган ҳар томонлама келишувлар кўп асрлик ва қардошлик муносабатларига янги суръат бахш этди.

Бугунги кунда икки мамлакат қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келишмоқда. Бу ҳамкорлик, айниқса, БМТ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа ташкилотлар доирасида икки мамлакатнинг ўзаро таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали амалга оширилаётгани яққол намоён бўлмоқда.

Икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо айирбошлаш ҳажми 2021 йилда 181 млн. долларга тенг бўлган. Ўзбекистонда Покистон сармояси иштирокидаги 174 та қўшма корхона фаолият юритмоқда. Умуман, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлаш зарур. 2022 йилнинг ўтган икки ойи давомида эса ўзаро савдо ҳажми ўтган йилги мос даврга нисбатан 70 фоизга ошгани, жумладан, сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган Покистон капитали иштирокидаги корхоналар сони қарийб 6 баравар кўпайгани ўзаро ҳамкорлик истиқболлари порлоқ эканлигидан далолат беради.

Икки мамлакат “Термиз-Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини қуриш бўйича мунтазам равишда музокаралар олиб боришмоқда. Покистон ҳудуди орқали халқаро денгиз портларига чиқувчи ушбу стратегик темир йўлни қуриш келгусида нафақат Ўзбекистон ёки Покистон, балки Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларидаги кўплаб мамлакатларнинг умумий равнақига катта ҳисса қўшади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Покистон ҳудудлари ўртасида ҳам амалий мулоқот йўлга қўйилган бўлиб, тобора кенгайиб бормоқда. 2021 йил 6-8 февраль ва 2022 йил 5-9 февраль кунлари Панжоб вилояти ҳокими М.Чоудри бошчилигидаги делегация юртимизга ташриф буюргани ва қатор қўшма лойиҳалар муҳокама қилингани фикримизнинг ёрқин далилидир.

Ўзбекистон ва Покистон ҳукуматлараро савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича 1993 йилдаёқ ҳам қўшма комиссияси тузилган бўлиб, айниқса, сўнгги беш йил давомида ушбу комиссия фаолияти сезиларли равишда жонланганлигини алоҳида эътироф этиш мақсадга мувофиқдир. Ҳозирда давлатлараро маданий-гуманитар, илм-фан ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ҳам янада жонлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Мамлакатимиз раҳбарининг куни кеча Покистонга амалга оширган расмий ташрифи ушбу ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш сари муҳим қадам бўлди, десак асло муболаға бўлмайди. Ташриф арафасида икки мамлакат ишбилармон доираларининг 150 га яқин вакиллари, шунингдек, асосий вазирлик, идора, тармоқ бирлашмалари ва савдо-саноат палаталари раҳбарлари иштирок этган Ўзбекистон – Покистон бизнес-форумида 800 миллион долларлик қўшма савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. Форум давомида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика ва кимё саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда инвестициявий ва савдо ҳамкорлигини ошириш борасида улкан салоҳият борлиги қайд этилди.

Президентимиз ташрифи давомида салмоқли ҳужжатлар пакети, жумладан, Стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича келгуси қадамлар тўғрисида қўшма декларация имзоланди. Мазкур ҳужжатда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келгуси аниқ қадамлар белгилаб олинди. Шунингдек, ҳукуматлар ва идоралар ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида, атроф-муҳитни асраш, зиёрат туризми, темирйўл соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувлар, Сурхондарё вилояти билан Хайбер-Пахтунхва провинцияси, Тошкент шаҳри билан Исломобод шаҳри ўртасида шартномалар каби 10 га яқин ҳужжатлар имзоланди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Покистонга қилган ташрифи икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги шерикликнинг истиқболли йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ташриф ҳар икки мамлакатнинг ўзаро иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, бизнес алоқаларини кенгайтириш, шунингдек барча соҳаларда самарали шериклик учун мавжуд иқтисодий салоҳиятдан тўлиқ фойдаланишга бўлган қизиқишини яққол намоён этди. Эришилган аҳдлашувлар кўлами икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари порлоқ эканлигидан далолат беради.

 

 

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар

қўмитаси раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+