Яхшилик албатта қайтади

07.12.2022 10:12:50

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига кўра зарурат бўлганда аҳолини қон компонентлари билан таъминлаш учун қон топширишлар сони аҳоли сонига нисбатан ҳар 1000 кишига камида ўнтани ёки аҳоли сонига нисбатан 1% ни ташкил этиши кераклиги маълумотларда келтириб ўтилган. Хўш бу борада, яъни донорлик ишлари бизнинг Республикамизда ҳолат қай даражада? Республика қон қуйиш марказининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 2021 йилда ҳар минг аҳолига 6,8 нафар ёки 0,68 фоизни ташкил этган. Бундан кўриниб турибдики, мамлакатимизда донорлик даражасини янада ошириш лозим.

Албатта, одамлар кундалик ҳаёт тарзида турли бахтсиз ҳодисалар, гематологик, онкологик касалликлар, жарроҳлик амалиётлари натижасида қон қўйишга эҳтиёжлари ортади. Қон қуйишга муҳтож бўлган ҳар бир кишининг алоҳида қон гуруҳи, резус фактори борлиги сабабли унга фақат шу гуруҳга мансуб қон қўйиш мумкин. Хўш бу қон қаердан олинади? Булар сизу бизнинг орамизда бўлган, биз билан ёнма-ён яшаётган, яхшилик улашиб чарчамайдиганлар – донорлар ҳисобига қопланади.

Бугун эрта тонгдан Самарқанд вилоят Қон қўйиш маркази ана шундай яхши инсонлар – донорлар билан гавжум бўлди. Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган донорлик акциясининг бу галгисида ҳам одамлар орасида инсонийлик фазилатларининг, меҳр-оқибат ришталарининг кенг қулоч ёяётганлигининг гувоҳи бўлдик.

Самарқанд вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳар галгидек фаол. Ўзларининг касб тақозоси ёки шуни ўзларига одат этиб олишганми ҳар сафаргидек 60 дан ортиқ ходимлар беғараз донорлик қилиш учун навбатда ҳозиру-нозир.

Илҳом Исмоилов, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи, - «Ҳар йили партия ташаббуси билан ташкил этилиб келинаётган донорлик акцияси ҳамюртларимиз қатори ташкилотимиз томонидан ҳам илиқ кутиб олинади. Бугун бўлиб ўтаётган акциянинг фаол иштирокчиси бўлдик. Хайрия тадбирига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида 60 нафардан зиёд жамоамиз аъзолари қон қуйиш марказига келдик ва қон топширдик. Албатта, бемор учун ҳар бир йўқотилган дақиқа - фавқулодда ҳолат. Ҳар қандай дақиқада, ҳар қандай жойда жароҳатланган одам учун қон йўқотиш билан бахтсиз ҳодиса юз бериши мумкин. Қон ва унинг қисмларини топшириш бир қанча вақт олади, қон эса дарҳол керак бўлади. Донорликнинг мунтазам бўлиши фавқулодда бўлмаган ва фавқулодда ҳолатларда жароҳатланганлар учун ҳам доимий қон ва унинг қисмларининг захирасини таъминлаш учун зарур. Умуман олганда, донорлик ҳар қандай инсон қилиши мумкин бўлган оддий, лекин олий қаҳрамонлик деб ҳисоблайман, зеро қон донорлиги - жамият саломатлиги учун берилиши мумкин бўлган беғараз ёрдам эканлигини унутмайлик!»

Тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган мазкур донорлик акциясига ташриф буюрган вилоятдаги олий таълим муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари, ташкилот ва муассасаларнинг кўнгилли донорлари қон топшириш – қаҳрамонлик, кимнингдир ҳаётини сақлаб қолишга ўз ҳиссасини қўшиш эканлигини англаб етганликларини уларнинг ҳаракатлари, юз-кузларидан англаш мумкин.

Аҳамиятли томони ушбу савобли ишдан четда қолмаслик учун ижтимоий тармоқлардаги эълонлар орқали акциядан хабардор бўлган Самарқанд вилоят Адлия бошқармаси ҳамда вилоят давлат солиқ бошқармаси вакиллари кўчма бригада ташкил этиб беришни сўраб қилган мурожаати асосида кўчма бригадалар ташкил этилиб мазкур ташкилотиларда ҳам донорлик акцияси ташкил этилди.

Статистик маълумотларга кўра ҳар учта инсондан биттаси ўз ҳаёти давомида қон қўйишга эҳтиёж сезар экан. Биз биламизки ҳар қандай инсонга қайсидир лаҳзада донорлик қони керак бўлади. Ана шундай вазиятда бир томчи қонингиз орқали бошқа бир инсоннинг ҳаёти давом этишига, юраги урушининг давом этишига ҳисса қўшиш бахти нақадар ажойиб. Унутманг бугун сиз кимгадир яхшилик қилдингиз, бу яхшилигингиз албатта бир куни ўзингизга қайтади. Майли айни шу ҳолатда, шу кўринишда бўлмасин, лекин сизга яхшилигингиз албатта қайтади.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+