Аёл бахти жамиятнинг бахтидир

19.03.2021 20:03:42

Барча замонларда аёлга ҳурмат-эътибор қадрланиб келинган. Аёллари эъзозланган юртнинг доимо мавқеи баланд бўлган. Аёл нафақат она, келажак авлодни дунёга келтириб, тарбиялаб вояга етказувчи инсон, балки жамият ҳаётида ҳам ўз ўрнига эга шахс сифатида қадрланган мамлакатнинг бахти ҳамиша кулган. Бугунги жамиятимизда юқоридаги фикрлар тўла ўз тасдиғини топиб, аёлларга бўлган эътибор тобора кучайиб бормоқда.

Асосан, охирги тўрт йилда хотин-қизларнинг манфаатларини таъминлаш, жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашга каратилган 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори қабул қилинди. Биринчи марта Сенатда Хотин-қизлар ва гендер тенглиги масалалари бўйича қўмита ташкил этилди.

Яқинда яъни жорий йилнинг 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда аёлларни иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга тиббий ва психологик ёрдам қамровини кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Айниқса менинг эътиборимни тортган нарса олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни яъни, ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилиши бу катта инсонийликнинг белгиси бўлиши билан бирга катта жасорат ҳам. Бундай жасоратга қўл урган Президентимиз барчасини инсон манфаати учун, эртанги келажагимиз яратувчилари бўлган хотин-қизларимизнинг ҳар томонлама билимга эга бўлишлари учун қилаётган катта ишларидан бири деб ҳисоблайман.

Бундан ташқари, ёлғиз аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш ва тўловларини қоплаш борасида ҳам енгилликлар бериладиган бўлди.

Умуман олганда ушбу видеоселектор йиғилишидан сўнг, мамлкатимизда хотин-қизлар учун барча шароитлар ва имкониятлар яратилганлигига яна бир бор амин бўлдим.

 

Айша АБДРЕЙМОВА,

Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати,

партия «Аёллар қаноти» Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+