Аёл — оила ва жамият устуни

10.03.2021 13:03:11

Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ-манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда эркаклар ва хотин-қизларга тенг ҳуқуқ ва имкониятларни яратиш, гендер тенгликни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асослар мустаҳкамланди. Юртимизда аёл раҳбарлар — вазирлар, ҳокимлар, ишлаб чиқариш бирлашмалари, банк ва компаниялар раислари, ҳуқуқ-тартибот идораларида, Қуролли Кучларимиз таркибида масъул вазифаларда хизмат қилаётган опа-сингилларимиз сони ортиб бормоқда.

Хотин-қизлар ҳам зиммаларидаги масъулиятни тўлиқ ҳис этиб, қайси соҳада бўлмасин, самарали меҳнат қилиб, юрт равнақи, халқ фаровонлигига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.

Таъкидлаш лозим, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Сенатда эса, бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етди. Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 31 фоизи ҳам фаол аёллардан иборат. Ана шундай натижалар туфайли Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-поғонага кўтарилди. Ҳолбуки, бундан 5 йил илгари 128-ўринда эди.

Бугунги кунда хотин-қизларнинг ижтимоий турмушини яхшилаш, уларга муносиб шарт-шароитлар яратишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, республикамизнинг барча ҳудудларида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилди. Бугунги кунда улар томонидан 28 мингга яқин опа-сингилларимизга тадбиркорлик, ҳунармандлик, касбга қайта тайёрлаш, бандликни таъминлаш юзасидан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, беш муҳим ташаббус доирасида 21 минг 500 нафар қиз қисқа муддатли касб-ҳунар курсларида ўқитилди. Ана шундай имкониятлар туфайли тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган аёллар сони бир йилда қарийб 45 минг нафарга кўпайиб, улар томонидан минглаб янги иш ўринлари барпо этилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг куни кеча қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса бу борада амалга оширилаётган ишлар самарасини янги бир поғонага кўтарилишида муҳим дастуриламал ҳужжат бўлди.

Жумладан, қарор билан Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилмоқда. Эндиликда хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмалар олишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш ҳамда ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда хотин-қизларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш каби ишлар Кенгаш олдидаги устувор вазифалар сифатида белгилаб берилмоқда.

Шунингдек, қарорда хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишларини уйма-уй юриш орқали ўрганиш ишларини ташкил этиш, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва уларнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарларининг аёллар билан ишлаш борасидаги фаолиятини самарали ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, «Аёллар дафтари»ни шакллантириш ва унга киритилган хотин-қизлар билан манзилли ишлаш, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ҳамда зўравонликка учраган аёллар муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш бўйича масъул идора ва раҳбарларнинг натижага йўналтирилган фаолиятини йўлга қўйилиб мувофиқлаштириб борилади.

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилади. Жамғарма томонидан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган фарзандларини тарбиялаётган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга уй-жойларнинг бошланғич бадали тўлаб берилади.

Республика кенгашининг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ ҳар йили 300 миллиард сўмгача бўлган миқдорда ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тасдиқланадиган Давлат бюджети маблағлари, Жамғарманинг бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятларини бошлашига йўналтирилади.

Хулоса қилиб айтган, мазкур қарор билан мамлакатимизда хотин-қизлар фаоллигини ошириш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш борасида яхлит тизим яратиб берилмоқда. Галдаги вазифамиз эса мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ўз вақтида назорат қилиб бориш орқали жамиятимизда юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси юқори бўлган хотин-қизларимизнинг сафини янада оширишдан иборатдир.

Зеро, аёл — оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки. Аёллар билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва нурафшондир. Хотин-қизлари эъзозланган, қадрланган юртнинг эса бугуни ва эртаси фаровон. Чунки аёл меҳнати билан жамият тўлақонли ривожланади, тараққий этади.

Зухра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+