Аёл жиноятга қўл урса...

26.03.2021 20:03:02

Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Албатта биз аёлни жамиятимиз гултожи, оиламиз фариштаси сифатида биламиз. Аёл гўзаллик, нафосат ва садоқат рамзи. Жонидан жон бериб фарзандни дунёга келтирган, унинг бир табассуми учун ҳаловатидан кечадиган меҳрибон ва мушфиқ она. Меҳр-оқибатлилик, фидойилик, ҳалоллик каби фазилатларни бизнинг шууримизга сингдирадиган ҳам аёл. Аммо, минг афсуски, бундай шарафли номга барча аёлларимиз бирдай муносиб бўлишмаяпти.

Пайариқ тумандаги Алишер Навоий маҳалласида содир қилинган ўта мудҳиш жиноят таҳлилига бағишланган тадбирда шу каби масалалар юзасидан сўз юритилди. Унда вилоят прокурори, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи, туман ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши, партиянинг шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, маҳалла оқсоқоллари, МФЙ раислари иштирок этишди. Тадбирда яқингинада, ушбу маҳаллада вояга етмаган икки нафар ёш болаларнинг ҳаётига зомин бўлган аёл кишининг жинояти муҳокама қилинди. Ушбу муҳокамлар жараёнида жабрланувчиларнинг кўзидаги мунг билан бир қаторда, айбланувчининг яқинлари бошини кўтариб ўтиришга ҳоли йўқлигини сезиш қийин эмас эди. Сиз, панжара ортида ўтирган онани кўрган фарзанд қай аҳволга тушишини ҳеч тасаввур қилиб кўрганмисиз? Онасини фаришта сифатида кўриб, унга ўхшашни орзу қилиб юрган қиз волидаи муҳтарамасининг ўғри ёки қотил эканини билгач, қандай аҳволга тушади? У ўзининг тенгдошлари юзига қандай қарайди?..

Психологларнинг таъкидлашича, бугунги кунда хотин-қизлар ўртасидаги бундай салбий воқеаларнинг кўпайишига асосий сабаб оила, таълим берувчи масканларда жисмоний ва руҳий тарбия сустлигидадир. Айбланувчи ҳақида маҳалладошларинг фикр-мулоҳазаларини тинглар эканман бир ҳолат эътиборимни тортди. Маълум бўлишича, аёлнинг ёшлигида ота-онаси ажрашиб кетган. Аёл тўлиқ бўлмаган оилада тарбия топган. Балки шу сабабдан ҳам тарбия борасида камчиликлари бўлгандир, балки ота-онаси қўлидан етаклаб мактабга, бозорга кетаётганлар ёки кўча-куйда отаси опчиб олган болаларни кўриб кўнглида жамиятга, бахтли бир оила бўлиб яшаётганларга ҳасад, нафрат билан улғайгандир. Бу тарафи бизга қоронғу.

Яқинда депутатларимиз иштирокида меҳрибонлик уйида тадбир ташкил этдик. Тарбияланувчилар учун барча шарт-шароитлар муҳайё. Бир қараганда мазза қилиб яшаётгандек. Аммо уларнинг меҳр истаб жовдираб турган кўзларига қараб эзилдим. Баъзиларининг кўнглида кечаётган ғалаён, аламзадалик ҳисларини юз-кузларидан англаб олиш қийин эмас эди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда жиноятчилик ва хуқуқбузарликлар профилактикаси ҳусусида фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Бугунги кунда, маҳалла томонидан бажарилиши зарур бўлган амалий ишларнинг ижобий натижасига  эришиш учун мутасадди ташкилотлар билан бир қаторда нодавлат-нотижорат ташкилотлар ҳамкорликгини янада кучайтириш лозимлиги эътироф этилди. Бу каби таклиф ва фикрлар масъул ходимлар томонидан алоҳида таъкидланди. Шунингдек, кенг жамоатчилик, сўзи ўткир нуронийлар иштирокидаги тарғибот тадбирлари самарадорлигини ошириш лозимлиги, ҳар бир хонадон, уйма-уй кириш ва аҳоли ҳолидан хабардор бўлиб ишларни ташкил этиш кераклиги қайд этилди.

Албатта, аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишнинг энг мақбул ва синалган усули, уларнинг илмий ва бадиий китоблар, жумладан, электрон асарларни ўқишга бўлган қизиқишини янада ошириш, ҳуқуқий, экологик, тиббий ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, жисмоний тарбия, касб-ҳунарга бўлган қизиқишларини ошириш ҳисобланади. Халқимизда “касални даволашдан олдини олиш осон” деган нақл бор. Бу гап нафақат касаллик, балки инсоннинг маънавий қусурлари, жиноячилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ҳақида ҳам айтилган десак янглиш бўлмайди. Танамизни чиниқтирсак касалликларга қарши, маънавиятимизни чиниқтирсак ҳар хил инсонийликка ёт бўлган салбий иллатларга қарши тура оламиз. Зеро бундай мудҳиш воқеалар илмсизликдан, касб-ҳунар эгаллашга бўлган ҳаракатнинг, келажакка бўлган ишончнинг йўқлигидан келиб чиқади.

Шу сабабли ҳам бугунги қўяётган ҳар бир қадамимиз эртанги кунда ё муваффақият, шон-шуҳрат, эзгулик ёки қабоҳат, залолат келтириши мумкинлигини унутмаслигимиз керак. Ҳеч ким онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди, бунга аввало ўзи, қолаверса уни ўраб турган муҳит, вақтини бекорчи нарсаларга сарфлаш сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун атрофимиздаги одамларнинг бўш вақтини бекорчилик билан эмас, балки, илм, касб-ҳунар эгаллашга, жисмоний тарбия билан шуғулланишга сарфлашга ўргатайлик, бекорчиликдан ҳар ойда бир йиғилиб ўтказадиган бефойда гап-гаштакларидан кўра ҳар ойда бир марта психолог, ҳуқуқшунос, олима ва кўпни кўрган, тажрибали кайвонилар иштирокида аёллар учун семинарлар ташкил этайлик. Келажак бугундан бошланади. Шундай экан, келинг, келажакка пойдеворни бугундан тўғри ва мустаҳкам қўяйлик. Зеро, аёлнинг нозик қўлларига кишан эмас, гул, қалбига ёвузлик эмас, эзгулик ярашади. Улар жамиятимизнинг кўрки бўлиши зарур. Аёлнинг тилларидан пушаймонлик, афсус ноласи эмас, аллалар учсин, бахтдан, толедан куйласин. Бунинг учун эса ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олиш фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ёки тегишли ташкилотларнинггина эмас, ҳаммамизнинг вазифамизга айланиши лозим. Ана шундагина эртанги кунимиз ёруғ, келажагимиз порлоқ, қувончларга тўла бўлади. Ана шундагина ҳеч бир фарзанд ўзининг тенгдошлари олдида ўксиниб турмайди.

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+