Аёлга бахт беринг, саодат беринг!

04.03.2021 20:03:29

Аёлларни, қизларни баҳорга қиёслашади, баҳорни уларга. Гўзаллик, нафосат, янгиланиш, ҳаёт давомийлиги баҳор ва аёл тушунчаларида уйғунлашиб кетади. 8-март Хотин-қизлар байрами гўзал ва бетакрор юртимизга баҳор нафаси кириб келганидан дарак беради.

Аёл азалдан меҳр-шафқат ва садоқат тимсоли бўлиб келган. Аёл деганда кўз ўнгимизда аввало, улуғ ва табаррук она сиймоси гавдаланади. Инсон зоти борки, оламдаги барча яхшилик ва эзгуликларни, ҳаёт сиру-асрорлари ва сабоқларини онанинг меҳру-саховати туфайли ўрганади.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан, энг аввало, хотин-қизларга ёрдам бера оладиган шароит яратиш мақсадида “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди. У гендер тенглик бўйича ишларни изчиллик билан йўлга қўйиш учун дастлабки қадамлардан бўлди.

Унга кўра, оғир шароитда яшаётган аёлларга уй бериш тизими шаклланди. Шундан сўнг ҳар йили бир ярим минг нафар аёл биринчи тўловини давлат тўлаб берадиган имтиёзли уйлардан оладиган бўлди. Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилди. Шу орқали бизнесини йўлга қўйиш истагидаги хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратиш, бир ҳафталик ўқув курсларида ўқитиш, бизнес режаларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқиш механизми йўлга қўйилди. Қийналган, ночор аёллар билан ишлаш учун реабилитация марказлари ташкил этилди. Мисол учун, оилавий жанжаллар сабаб қийналиб қолган, сиқилиб юрган ёки қайнонаси билан келишмасдан, бировларнинг қўлида қолган, айрим ҳолларда кўчада қолиб кетган, жиноят қилиб қўйиб, жамиятимизга қўшила олмаётган аёлларимиз бор эди. Ана шулар билан ишлаш учун маҳаллада мутахассис лавозими жорий этилди. Сўнг яна бир долзарб вазифа турган эди. У ҳам бўлса, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масаласи эди.

Бугун Ўзбекистон аёллари ҳар бир жабҳада ўз ўрнига эга бўлиб бораётганини барчамиз бевосита амалда кўриб, чуқур ҳис этмоқдамиз. Ўтган сайловларда юртимиз тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони сезиларли кўрсаткичга кўтарилгани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Гап шундаки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Сенатда эса бу кўрсаткич қарийб 25 фоизга етди. Маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 31 фоизи ҳам жонкуяр, фаол аёллардир. Ана шундай натижалар туфайли Ўзбекистон парламенти аёл депутатлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий Парламент ўртасида 37-поғонага кўтарилди.

Ҳа, бугунги кунда аёлларимиз учун яратилаётган шарт-шароитлар, имкониятларни таърифу тавсифга, таҳсинларга сазовордир.

Аёлларга бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг яна бир сабаби шундаки, аёл аввало ҳар бир инсоннинг бешигини тебратадиган, оқ сути билан унинг  юрагига одамийлик фазилатларини сингдирадиган, уни ҳаёт бўронларидан асраб-авайлайдиган фидойи инсондир.

Мен шу фурсатдан фойдаланиб, баҳорнинг сўлим кунларида яқинлашиб келаётган 8-март байрами муносабати билан барча азиз ва муҳтарам онахонларимиз, азиз ва меҳрибон опа- сингилларимизни, халқ дарди билан ёниб яшаётган жонкуяр ва фидойи депутат аёлларимизни чин-қалбдан табриклайман ва соғлиқ-саломатлик тилайман. Бахт ва омад ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин!

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,
Дунёни олиши мумкин жилмайиб.

Назокат ХИДИРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари
Термиз шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+