Аёллар қаноти – “фуқаробай” тизимида фаол

01.03.2021 21:03:58

Ҳудудлардаги муммоларни ўз ўрнида  ҳал этиш учун “маҳаллабай” ҳамда “фуқаробай” ишлаш тизими ўз самарасини бераётир. Кўплаб  соҳа вакиллари жумладан,  Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши аёллар қаноти раиси Шаҳноза Ғаниева ҳам мазкур тизим асосида мавжуд масалаларга мутасаддиларнинг эътиборини қаратмоқда.

Фарғона шаҳрининг “Оқариқ” МФЙ, Оқариқ кўчасидаги 325-уйда яшовчи Муяссар Баннопова турмушидан ажраган,  қарамоғида 2 нафар фарзанди бор, ота-онаси кўмак сифатида яшаётган уйидан жой ажратиб беришган.  Аммо шароити оғир, ишсизлиги сабабли,  уй қурилиши учун етарлича маблағ топа олмаяпти. Мазкур масала юзасидан  мутасадди ташкилотларга мурожаат  қилинганида, шаҳар молия бўлими ходимлари фуқаро шароити билан танишдилар ҳамда молиявий кўмак берилиши билдирилди.  Шунингдек,  шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ишсизлик нафақаси тайинланди.  Партиянинг Аёллар қаноти раиси томонидан эса “Ибратли бекам” ўқув марказига бепул касб-ҳунар ўрганиши учун йўлланма берилди.  

Маҳалла томонидан “Темир дафтар”га киритилганмиз, – дейди Яхшилик кўчаси 80-уйида яшовчи Дилноза Абдуқодирова. –  Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандим бор. Уни тиббий кўрикдан ўтказишга, 14 ёшгача болалар пули олишга амалий ёрдам сўраган эдим.  Мурожаатларим ижобий ҳал этилди. Болалар пули тайинланди ҳамда маҳалла томонидан моддий ёрдам берилди.   Фарзандимни ҳам тиббий кўрикдан ўтказдик.

“Соҳибкор” МФЙ Яхшилик кўчаси 116-уйда яшовчи Муродил Қодиров эса Қутлуғ ва Саёҳат кўчаларида электр симёғочлари  йўқлиги сабабли электр симлари аҳоли хонадонларининг том қисмидан бир-бирига ўтганлигини билдирди.  Мазкур масала мутасадди ташкилотларга етказилди, ҳозирда амалий ишлар олиб бориляпти.

Ўрганишлар давомида фуқаролар томонидан билдирилган турли масалалардан мутасаддилар огоҳ қилиниб, адолатли ҳал этилишига  эришилмоқда.

 

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаш матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+