Аёлларни таҳқирлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

11.01.2022 09:01:37

Ҳозирги кунда мамлакатимизда аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга барча керакли шароитларни яратиш борасида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса ўз навбатида, нозик хилқат эгаларининг шаъни, ор-номуси юксак даражада қадрланишига хизмат қилмоқда.

Лекин шунга қарамасдан, сўнги пайтларда баъзан ижтимоий тармоқларда аёлларга турли хил кўринишдаги тазйиқларни ўтказиш, уларни хўрлаш, камситиш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз. Арзимас баҳоналар билан жанжал чиқариб, турмуш ўртоғини камситаётган, дўппослаётган эркаклар сафи кенгайиб бормоқда.

Аёл – ожиза! Жамиятимизнинг гултожи бўлган аёлларнинг ожизалигидан айрим «эркакларнинг» худбинлик билан фойдаланишини ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди. 

Маълумки, қонунларимизда ҳар қандай зўравонликка нисбатан жазо белгиланган. Ҳеч кимнинг инсонни, аёлни таҳқирлашга, унинг шаънини ерга уришга ҳаққи йўқ. Биз бундай муносабатларга мутлақо қаршимиз.

Бугун зўравонлик, қийинчиликлар ичида яшаётган, жабр кўраётган аёлларга тегишли давлат ташкилотлари, ННТлар ва қолаверса, руҳшунос ёрдами жуда ҳам зарур. Негаки бундай салбий ҳолатларга тушган аёлларнинг яна фаол ҳаётга қайтиши, дунёга чиройли кўзлар билан боқиши учун  ҳар биримизнинг ёрдамимиз, тавсияларимиз, қолаверса, маслаҳатларимиз керак.

Айнан шунинг учун хотин-қизларни турли хил зўравонликлардан ҳимоялаш мақсадида «Адолат» СДПнинг барча даражадаги депутатлик корпуслари, «Аёллар қаноти» ҳамда ҳудудий Кенгашлари томонидан ҳамкор ташкилотларни жалб қилган ҳолда «маҳаллабай» ва «фуқаробай» усулида юзма-юз мулоқотлар олиб борилмоқда, давра суҳбатлари, тадбирлар ташкил этилмоқда. Аниқланган муаммоларни ҳал этиш юзасидан мутасадди давлат органлари, ташкилотлари билан меморандумлар имзоланиб, кўплаб ижобий натижаларга эришилмоқда.

Хусусан, куни кеча «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратининг Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси томонидан «Аёлларни зўравонликдан ҳимоялашнинг ҳуқуқий асослари» мавзусидаги онлайн тарзидаги конференция ўтказилди.

Мазкур конференция якунида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ҳамда 2021 йил 6 октябрдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» 625-сонли Қарорлари ижросини таъминлаш ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, оилавий зўравонлик муаммоларини таҳлил қилиш ҳамда ушбу муаммоларнинг долзарблиги, хусусиятлари, сабаб ва оқибатлари, зўравонликнинг олдини олиш борасида ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Аёлни қадрлаш, ардоқлаш юксак маънавиятимиз белгиси экан, ўзликдан, миллий қадриятлардан қанчалик узоқлашсак, кулфатлар занжирига шунчалик йўлиқамиз. Шу маънода наслимиз давомчиларини таҳқирлаш - келажакка зулм қилишдир. 

Аёлни хўрлаш эмас, унга эҳтиром кўрсатиш олий мақсадимиз бўлиши керак.

Шаҳноза СОАТОВА,

«Адолат» СДП Жиззах вилоят Кенгаши бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+