Энг катта бахт – оила қувончи

10.03.2021 10:03:36

Бугун республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда хотин-қизларнинг ўзига хос ўрни бор. Жумладан, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва соғлом авлодни камолга етказишни уларнинг иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Шу маънода андижонлик  “адолатчи” аёллар фаолиятига назар ташласак, бунга яна бир бор амин бўламиз.

Халқ депутатлари Андижон туман кенгаши депутати Зарифахон Ёқубова ана шундай ташаббускор сафдошларимиздан. У 2004-йилдан буён Роввот қишлоқ врачлик пункти мудири сифатида фаолият юритиб келмоқда. Хакан қишлоғидаги ҳар бир хонадон унинг учун таниш, қадрдон. Шифокор сифатида қанча оилаларнинг яқин дўстига айланган. Айниқса, хотин-қизлар доим опанинг ёнига шошадилар. Тиббий маслахат олиш билан чекланмай ҳаётий масалаларда ҳам унга суянадилар.

З.Ёқубованинг  фаолиятига назар ташласак, меҳнат қилган, халқнинг хизматида бўлган  одам, албатта, қадрланишига амин бўламиз. Мукофотлар, фахрий ёрлиқлар ўз йўлига. Асосийси қишлоқда “опа” номини олган. Бундай эътирофга ўз ўзидан эришиб бўлмайди.

Бу йилги “Халқаро хотин-қизлар куни” арафасида партиядошимизнинг хонадони ҳар галгидан ҳам гавжум бўлди. Байрам билан қутлаш учун келганлар хушҳабардан қувондилар. Кўп йиллик самарали меҳнатлари учун Зарифа опа “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан  тақдирланди. Зеро, фидокорлик намунасини кўрсатиб келаётган, юртимизнинг эртанги куни учун салмоқли ҳисса қӯшаётган опа-сингилларимизни канча эъзозласак, ардоқласак арзийди.

-Мукофот катта масъулият демакдир,-дейди З.Ёқубова.- Номидан кўриниб турибди, биз буни оқлашимиз керак. Мўътабар деб топилишнинг ўзи бир бахт. Мен учун ҳаётдаги энг катта бахт оила қувончи, фарзандлар саломатлиги. Қайси бир оилада қувонч кўрсам, ўзимни бахтиёр ҳисоблайман.

Сафдошимизни қутлаш учун келган Ўзбекистон “Адолат” СДП    Андижон вилоят кенгаши фаоллари юртимизда аёлларга берилаётган эътибор кейинги йилларда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани хусусида тўхталдилар. Жумладан, “адолатчи” хотин-қизлар бугун ҳар соҳада олдинда экани, амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштироки эътироф этилди. Зарифа опа мисолида уларнинг меҳнатлари қадрланаётгани ва бунга жавобан партиядошларимизнинг фаоллиги ортиб бораётганини таъкидладилар.

“Меҳнат қилган элда азиз”, дейди доно халқимиз. Бугун Президентимизнинг бевосита эътибори туфайли хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеи мустаҳкамланмоқда. Қувонарлиси, Зарифахон Ёқубова каби аёлларимизнинг фидойилиги сабабли ҳаётимиз чароғон. Қолаверса уларнинг ҳар бир иши биз учун ибрат мактаби  десак, муболаға бўлмайди.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят

кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+