Иқтидорли, аммо, ночор қизларимизни ҳокимлар ва ректорлар оталиққа олади

05.03.2021 18:03:06

Қадимдан аёлларга ҳурмат ва эътибор кўрсатиш, уларни қадрлаш анъанага айланган.  Чунки, аёл, она, у келажак авлодни дунёга келтириб, тарбиялаб, вояга етказувчи, Ватан тушунчасини англатгувчи улуғ мураббийдир.

Оила – жамият пойдевори бўлса, аёл  оиланинг асосидир.  Шу туфайли  жамиятда аёлнинг ўрни беқиёс. Уни қанча эъзозласак, бу билан эртанги кунимиз, истиқболимиз ҳақида ғамхўрлик қилган бўламиз.

Хотин-қизларнинг давлат ва жамият қурилиши ва бошқарувидаги ролини кучайтириш, уларнинг сиёсий ҳуқуқларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли уларнинг жамиятда тутган ўрни ортиб бормоқда.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланган. Ўтган йиллар мобайнида бу борада сарҳисоб қилишга арзирли ишлар амалга оширилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини, яъни 29 фоизини 14 ёшгача, 28 фоизини 15-30 ёшлилар, 21 фоизини 31-45 ёшлилар, 15 фоизини 46-60 ёшлилар, 7 фоизини 60 ёшдан ошган хотин-қизлар ташкил этмоқда.

 Улар давлат бошқарувидан тортиб, жамиятнинг барча жабҳаларида самарали меҳнат қилиб келишмоқда. Асосий қонунимиз Конституцияда ҳам хотин-қизларнинг барча соҳаларда тенг ҳуқуқли эканлиги эътироф этилган. Ҳукумат томонидан чиқарилаётган қарор ва фармойишларда аёллар, оилалар, фарзандлар манфаати ҳамиша устувор масала сифатида эътибор марказида бўлиб келмоқда. Хотин-қизларга кўрсатилаётган бундай эътибор сабаб уларнинг жамият ҳаётидаги фаоллиги янада ортиб бормоқда.

26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди.

Йиғилишда асосий эътибор аёлларни иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббий ва психологик ёрдамлар кўрсатиш қамровини янада кенгайтириш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди.

Президентимиз ташаббуси билан амалиётга жорий этилган “Аёллар дафтари”да хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва манзилли ҳал этиш механизми жорий этилиб, ушбу дафтарнинг электрон базаси шакллантирилди.  Базага киритилган 433 минг нафар хотин-қизларнинг, 80 минг нафарини муаммолари ҳал этилишига эришилганлиги қайт этиб ўтилди.

Хотин-қизлар манфаатларини ҳимоялаш мақсадида Президентимиз томонидан илгари сурилган ва аёлларни қувонтирган, қизларимизга умид берган сўзлар бу олий маълумотли бўлишни истаган, қобилияти, билими бор, лекин тақдир тақозоси билан орзусига эриша олмаган хотин-қизларни рағбатлантириш тизими жорий этилиши бўйича айтилган сўзлар бўлди дея оламиз. Яъни, мамлакатимиз раҳбари томонидан янги тизим жорий этилиши натижасида ота-онасининг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг шартнома тўлови ҳокимлик ва олий ўқув юрти ҳисобидан қоплаб берилади.

Эндиликда, жамиятдаги қийин аҳволга тушган аёлларга ҳам алоҳида эътибор берилиб, уларнинг ўқишлари учун шароитлар яратилиши бизни жуда қувонтирди.

Давлатимиз раҳбарининг “Бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак. Энди қайси жойда раҳбарлар уйма-уй юриб, масалаларни ҳал қилса, ўша жойда вазият ўзгаради. Энг асосий мақсад – иқтисодий барқарорликдан натижадорликка ўтиш”, – деган сўзлари натижасида партиямиз томонидан “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлаш тизимини жорий этишни ўз олдимизга мақсад қилиб белгиладик.

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этилаётган бир шароитда аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллиги оширилиши жуда муҳим омил ҳисобланади. Аёлларга жамиятда фаровон яшаш, меҳнат қилиш ва ёш авлодни тарбиялашдек масъулиятли вазифалар юклатилган экан, аёлларимиз бундай масъулиятли вазифаларни аёлларга хос адолатлилик ва ўзбекона маданиятлари билан оқилона ечими томон дадил қадамлар билан одимлайверадилар. 

 

 

Гулнисо САИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати бошқарма бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+