Кучли ва адолатли фуқаролик жамиятидан халқпарвар давлат сари

13.01.2022 20:01:30

Бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси кўп жиҳатдан тўртта муҳим омилга, яъни қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш, институционал салоҳиятни юксалтириш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқ.

Иккинчи томондан эса, инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, ҳеч шубҳасиз, ҳар биримиздан қатъиятли ва омилкор бўлишни, янгича фикр юритиш, янгича ишлашни талаб этмоқда.

Асосийси, Ҳукумат томонидан қабул қилинаётган долзарб масалалар юзасидан норматив ҳужжатлар, қонун лойиҳалари кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, аҳоли томонидан билдирилаётган фикрлар, таклиф ва эътирозлар жиддий ўрганилмоқда. Мамлакат тараққиёти йўлида тегишли қарорларни ишлаб чиқилишида фуқароларнинг иштироки фаоллашмоқда.

Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасининг жорий йил 15 январга қадар жамоатчилик муҳокамасига қўйилганлиги бунинг ёрқин исботидир.

Мазкур ҳужжат 94 мақсад, 407 та чора-тадбирлардан иборат бўлиб, унда кейинги беш йилликда мамлакатимизни ривожлантириш ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегиясини амалга ошириш босқичлари, масъуллари ҳамда ижрочилари аниқ белгилаб берилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, бунда республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирокчи ва ҳамкор сифатида фуқаролик жамияти институтларининг ролини янада ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини мустаҳкамлаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш ҳамда уларга шарт-шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, Тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг “Инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” деб номланган биринчи йўналишида ўз аксини топган.

Дарҳақиқат, мамлакатнинг ҳар томонлама гуллаб-яшнашига фақат кучли ва адолатли фуқаролик жамияти шароитида эришиш мумкин. Сўнгги йилларда давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида ҳам изчил ишлар олиб борилди.

Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талабларга ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база янада такомиллаштирилди. Натижада 20 дан ортиқ қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва Ҳукуматнинг қарорлари қабул қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 мартдаги Фармони билан 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Айни пайтда ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати институтларининг изчил кучайтирилиши, бошқарув функцияларининг аксариятини халқнинг ўзига, жамоат бирлашмаларига, ўзини ўзи бошқариш органларига, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига бериш мақсадга мувофиқлиги давр талабидир.

Бундан мақсад – мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, аҳолининг сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишдан иборатдир.

Давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида ижтимоий шериклик муносабатларини ҳамда долзарб масалаларни ҳал этишда уларнинг ҳамкорлигини кучайтириш, барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларда фуқаролик жамияти институтларининг ташаббускорлиги ва фаоллигини таъминлаш ҳам шу мақсадга хизмат қилади.

Кейинги беш йилликда фуқаролик жамиятини ривожлантиришда мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий, тизимли ва самарали мулоқотини йўлга қўйиш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг миллий моделини шакллантириш, бу борада жамоатчилик фикрини тизимли равишда илмий ўрганиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражасини, шунингдек, уларнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасини баҳоловчи кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, ушбу йўналишлардаги хорижий тажрибани ўрганиб, Ўзбекистон шароитига мослаштириш каби устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилади.

Жумладан, халқаро амалиётда кенг тарқалган жамоатчилик назоратининг самарали ва таъсирчан шаклларини жорий этиш, уларни амалга ошириш механизмларини қонунда батафсил белгилаб қўйиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қайта кўриб чиқилади.

Фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида Нодавлат нотижорат ташкилотлари кодексини қабул қилиш ҳам кун тартибидан ўрин олмоқда.

Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтгандек, бу йўлда ислоҳотларимизнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлган жамиятимиз аъзоларининг бор билим ва салоҳияти, куч ва имкониятларини, бутун азму шижоатимизни ишга солишимиз зарур. Шундагина Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон мамлакатга, халқпарвар давлатга айланади.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+