Меҳрингизни дариғ тутманг...

15.01.2024 10:01:23

Халқ депутатлари Термиз шаҳар Кенгаши депутати Абдуқодир Мустафақулов ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, одамларнинг оғирини енгил қилиб, ҳамиша халқ дарди билан яшаб, уларнинг муаммосини ечишда жонбозлик кўрсатиб келаётган депутатлардан бири.
Халқ вакили қачон сайловчилар билан учрашмасин, ҳар гал фуқаролар билан юзма-юз мулоқотда бўлади ва кўтарилаётган масалаларга имкон қадар жойида ижобий ечим топишга ҳаракат қилади.
Депутатнинг Термиз шаҳар аҳолиси билан учрашувлари ҳам ғоят қизғин кечди. Айниқса, «Маърифат» МФЙда маҳалла фаоллари томонидан кўтарилган масалалар, «Темир дафтар»га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш, ёшлар ва аёлларни касб-ҳунарга ўргатиш, бандликни таъминлаш юзасидан суҳбатлашилгани ҳудудни ҳар жиҳатдан ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши муқаррар. Мавжуд муаммолар туман мутасаддилари билан биргаликда ўрганилиб, белгиланган тартибда назоратга олиниши келишиб олинди.
Шунингдек, депутат “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан бевосита суҳбатлашди. Уларнинг мурожаатларини ўрганди. Томорқалардан унумли фойдаланиш юзасидан ўзининг тавсияларини берди. Иш сўраб мурожаат қилган фуқароларни назоратга олиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганларга кредит олишда амалий кўмак беришини билдирди. Шунингдек, маҳаллада истиқомат қилаётган, “Темир дафтар”га киритилган, боқувчисини йўқотган оилаларга ўз ҳомийлиги остида озиқ-овқат маҳсулотларини етказди, ўн нафар эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оила болаларига мактаб формаларини бепул тарқатди.


     Юлдуз Худойбердиева, Термиз шаҳар “Маърифат” маҳалласи фуқароси:
- Биз каби эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиб, қўллаб-қувватлаётган депутатимиздан миннатдормиз. Тўрт фарзандим бор. Боқувчимизни йўқотганмиз. Умридан барака топсин. Доимо бизнинг ҳолимиздан хабардор бўлиб, ёрдам қўлини чўзади. Оиламиз учун доимий равишда моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб туради.
Бундай саховат тадбирлари депутатларимиз томонидан узлуксиз давом этади. Зеро, миллатимиз азал-азалдан меҳр-оқибатли бўлиб келган. Йиқилганни суяш, кўмакка муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш азалий одатларимиздан. Меҳрни ҳамма нарсадан устун қўйгани боис, ўзбек номи, миллат шаъни юксалиб келаётир. Ҳамиша оқибатли бўлайлик. Зеро, шоир Муҳаммад Юсуф айтганидек: "Меҳр қолур, муҳаббат қолур...".

Назокат Хидирова
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+