Республика Аёллар қаноти Кенгашининг янги таркиби – янги ислоҳотлар остонасида

15.10.2020 14:10:48

Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти Республика Кенгашининг IV ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди. Конференцияда Аёллар қанотининг 5 йиллик фаолияти бўйича ҳисоботи эшитилди ва амалга оширилган ишларга баҳо берилди. Конференция доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича узоқ муддатли амалий ҳаракатлар дастури” билан таништирилди. Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти Республика Кенгашининг янги таркиби тасдиқланиб, раиси сайланди.

 

Ўзбекистонда хотин-қизларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришлари учун барча шарт-шароитларни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва бу борада қатор ижобий натижаларга эришилди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, хотин-қизларни рағбатлантириш, гендер тенглиги ва репродуктив саломатлик соҳасида ижобий ўзгаришлар амалга оширилди.

Бош Ассамблеянинг 75-сессиясида Президентимиз бутун дунё ҳамжамиятини пандемия даврида аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этаётганига яна бир бор диққат-эътиборни қаратди. Янги парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайгани, Олий Мажлис Сенати раиси хотин-қизлар вакиласи эканлиги, ҳатто туманларда аёл ҳокимлар фаолият бошлаётгани нафақат минтақамизда, балки халқаро миқёсда ҳақиқатдан ҳам эътиборга сазовор.

2019 йил 7 мартдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинди. 

Бундан ташқари, хотин-қизларни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида жорий йилнинг 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги” Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонун хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган.

Республика Аёллар қаноти Кенгашлари ҳудудларда яшаётган ҳар бир аёлнинг ҳаётини фаровонлаштириш, соғлиғига эътибор бериш, уларнинг барча имкониятларидан фойдаланган холда таълим олишига шароит яратишга хисса қўшади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти томонидан ўтган 2015-2020 йиллар мабойнида аёлларнинг сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган 4 100 дан ортиқ тадбир ўтказилган бўлиб, унда  366 мингдан ортиқ аёллар иштироки таъминланган.

 “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида депутатлари ва ҳудудий Кенгашлар кўмаги билан 980 нафар аёллар ишга жойлаштирилишига эришилди. Партия кўмаги билан ишсиз, тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган 1652 нафар аёлларга кредит олиб берилди.

Партиямиз томонидан мунтазам ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик танловига республикамизнинг олима, тадбиркор, ташаббускор аёлларидан 28 472 нафари иштироки таъминланганлиги аёллар фаолиятидаги сезиларли ҳаракатлар натижасидан далолатдир.

Аёллар муаммолари ечимига қаратилган масалалар юзасидан маҳаллий Кенгашлар сессияларига 123 та масала киритишга эришган.

Партиямиз сайловолди дастуридан келиб чиқиб, ишлаб чиқилган лойиҳалар доирасида аҳоли муаммолари ўрганилиб, оилалардаги ажримларни олдини олиш бўйича депутатлар ва фаолларнинг ҳаракати натижасида жами 3214 та оилалар ярашувига эришган.

Партиямиз кўмаги билан ишсиз, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган 1652 нафар аёлларимизга партия фаолларининг кўмаги асосида кредитлар олиб берилишига эришилди.

2015 йилда аъзолар сони 111 514  та бўлса, шундан аёл аъзолар 56000 та эди, 2020 йилда жами аъзолар сони 458 530   булса, шундан 209 733 тасини яъни 46% хотин-қизлар ташкил этмоқда. ташкил этмокда.

Маърузаларда 5 йиллик фаолиятда ижобий натижалар билан биргаликда йўл қўйилган камчиликлар ҳам борлиги таъкидланди. Ҳали аёлларнинг сиёсий ва хуқуқий фаоллиги  замон талаблари даражасида эмас. Ўтказилган тарғибот ва ташвиқот ишлари баъзан самара бермаётгани маълум. Шулардан келиб чиқиб кўзланган мақсадларга эришиш йўллари белгилаб олинди.

Партия Аёллар Қаноти яқин 5 йиллик учун устувор мақсадларга эга. Жумладан, Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида “Аёллар ўртасида ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш – адолатли жамиятнинг муҳим вазифаси” мавзусида туркум тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган. Қийин вазиятга тушиб қолган, чорасизликда қийналаётган хотин-қизларнинг муаммоларни ўрганиш, ечим топишга кўмаклашиш мақсадида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни партия фаоллари ва депутатлар иштирокида “Аёллар муаммоларига адолатли ечим” шоири остида учрашувлар ташкил этилади. Ҳудудий ва маҳаллий Кенгаш депутатлари кўмаги билан сайлов округларида ёрдамга мухтож, касб-хунарни эгаллашни истовчи аёллар рўйхатини шакллантиришга кўмаклашилади ва келиб чиқиши мумкин бўлган муаммолар маҳаллий Кенгаш сессия кун тартибига киритилади. Хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ва уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган ишлар, яъни скрининг ва перинатал марказлар, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғуруқ комплекслар, гинекологик ва патронаж хизматларининг бугунги ҳолати партия фаоллари ва депутатлари томонидан  ўрганилади.

Конференция жараёнида туғилган саволларга масъуллар томонидан жавоблар қайтарилди, муҳокама этилган масалалар юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.       

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+