Бош мақсад — Янги Ўзбекистонда халқчил ва инсонпарвар давлат қуриш

25.11.2021 10:11:09

Ҳар бир даврда барча ривожланган давлат ва жамиятлар ўзлари учун муҳим бўлган йўналишларда маълум бир мақсадларга элтувчи стратегияни ишлаб чиқади. Мисол учун, дунёнинг ривожланган давлатларидан бири бўлган Германиянинг ҳам ўз тараққиёт стратегияси мавжуд. 2015 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2030 йил кун тартибини қабул қилиб, 17 та Глобал Барқарор Ривожланиш Мақсадлари (SDG)ни эълон қилган бир пайтда, Германия 13 йил олдин илгари сурган Миллий барқарор ривожланиш стратегиясига эга эди. У 2018 йилда қайта янгиланди.

Шунингдек, бундан беш йил олдин Ўзбекистон ҳам ўз ривожланиш тарихида янги бир даврга қадам қўйди. Ушбу даврда бошланган ислоҳотларни амалга ошириш учун эса халқимиз билан бамаслаҳат тарзда ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси ҳаётга татбиқ этилди. Ўтган давр мобайнида ушбу Стратегия асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Қувонарлиси, қисқа вақт ичида Ҳаракатлар стратегиясида кўзланган мақсад ва вазифаларга таҳлил ва рақамлар асосида эмас, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўз турмуш тарзида ҳис қилган ўзгаришлар орқали тўлақонли эришилди.

Айни вақтда ушбу йўналишларда бошланган ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Жумладан, янги муддатга Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сайланган Шавкат Мирзиёев томонидан бошлаган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттиришга қаратилган, асосий мақсади “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бўлган “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосидаги Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси эълон қилинди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегиясининг узвий давоми бўлиб, бугунги глобал ўзгаришлар, аҳоли турмуш тарзи, ҳаёт талаби ва қадриятларимиздан келиб чиққан ҳолда, еттита йўналишда белгилаб олинди. Шунингдек, ушбу стратегиядаги ҳар бир вазифа ва мақсадлар жорий йил бўлиб ўтган сайлов жараёнларида бевосита фуқароларимиз иштирокида муҳокамадан ўтказилиб, ҳаётий таклиф ва ташаббуслар билан тўлдирилди.

Хусусан, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналиши — эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни янги поғонага кўтариш борасидаги вазифалар, бевосита Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналиши доирасида — Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш борасида ўтган беш йил давомида амалга оширилган ишларнинг узвий давоми бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналишида белгилаб берилган вазифаларнинг ҳаётимизга татбиқ этилиши орқали миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил тўлақонли рўёбга чиқарилади.

Жумладан, бунда маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулияти янада кучайтирилади. Бунинг учун келгусида давлат функцияларининг катта қисмини марказдан ҳудудларга ўтказиш назарда тутилмоқда. Бу эса ўтган беш йил мобайнида “Халқ давлат идораларига эмас, Давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” деган эзгу тамойил асосида бошланган демократик ўзгаришлар самарасини халқимиз янада тезроқ ўз ҳаётида ҳис қилиши имконини беради. Сабаби эндиликда ҳар бир мақсад ва вазифани амалга оширишда ўтган даврда эришилган ютуқлар билан бирга, йўл қўйилган хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқарилади.

Жумладан, Ҳаракатлар стратегияси доирасида халқ билан мулоқот қилишда жамият бошқарувининг таянч бўғини бўлган, ислоҳотлар самараси бевосита акс этадиган маҳалла тизимида ҳар бир фуқаро мурожаатлари билан ишлашнинг “маҳаллабай”, “хонадонбай” каби мутлақо янги механизмлари жорий этилди. Эндиликда эса ушбу ишлар янада такомиллаштирилиб, ҳар бир маҳаллани ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида маҳалларда ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилмоқда. Бу эса Давлат раҳбари таъкидлаганидек, жойларда раҳбарлар фақат давлатга эмас, аввало, инсон ва оилага, уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилишига эришишда дастуруламал бўлиб хизмат қилади.

Натижада, маҳаллада аҳоли билан ишлаш механизмлари такомиллашади. Ҳоким ёрдамчиси маҳалла аҳолиси учун янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлса, маҳалла раиси эса маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оила ва маҳаллада соғлом муҳитни шакллантиришга жавобгар этиб белгиланади.

Шунингдек, Ўзбекистон аҳолисининг олтмиш фоиздан ортиғини ташкил этувчи ёшларнинг ҳам катта ҳаётга қадам қўядиган илк маскани бу маҳалла эканлиги ҳисобга олиниб, маҳаллаларда ёшлар масалалари билан мунтазам шуғулланадиган Ёшлар ишлари агентлигининг вакили штати ҳам ташкил этилади. Бундан ташқари, ҳокимликлар ва маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш мақсадида туман бюджети қўшимча манбалар билан таъминланиб, маҳаллаларнинг алоҳида жамғармаси шакллантирилади.

Навбатдаги муҳим вазифа сифатида эса марказий идораларни трансформация қилиш, фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратиш вазифаси қўйлимоқда. Бунинг учун, энг аввало, вазирлик ва идораларни ташкил этиш ва тугатишнинг тартиби, уларни бир-биридан фарқлаб турадиган мезонлар, таркибий тузилма ва штатларни белгилашга оид аниқ талаблар ишлаб чиқилади. Шу асосда бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади.

Марказий идораларнинг ҳудудий тузилмалар билан ишлаш жараёнига янгича ёндашувлар жорий этилиб, эскирган бюрократик усуллардан воз кечилади. Бунда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни тезкорлик билан мустақил ҳал этиш бўйича вазирлик ва идораларнинг ваколатлари янада кенгайтирилади.

Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади. Шу билан бирга, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш мақсадида 2017 йилда ташкил этилган Халқ қабулхоналари фаолияти такомиллаштирилиб, том маънода халқ овозини, жамоатчилик фикрини ифода этадиган тузилмага айланиши учун қўшимча ҳуқуқий асослар яратилади.

Барчага маълумки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида Давлат бошқарувида кадрларни тайёрлаш ва қабул қилишни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида, 2019 йил 3 октябрдаги Президент Қарори билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил қилинган эди. Ўтган вақт давомида Давлат

фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали — vacancy.argos.uz орқали очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш тизими йўлга қўйилди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ушбу йўналишда бошланган ислоҳотларни ҳам изчил давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш жараёнига янгича, замонавий ёндашувлар жорий этиш, кадрларнинг давлат хизматига танлов асосида қабул қилинишини янада такомиллаштириш, улар учун узлуксиз малака ошириш, натижадорликни баҳолаш ва лавозим бўйича кўтарилиш мезонларини белгилаш кабилар шулар жумласидандир.

Ўтган беш йилликда Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштиришда халқ ҳокимиятчилиги механизмларини кучайтириш, давлат ҳокимияти тармоқлари мустақиллигини таъминлаш ва парламентнинг ролини янада ошириш борасида қилинган ишлар ўз самарасини кўрсатди. Шу боисдан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда ҳам халқ вакиллари бўлган сенатор ва депутатлар алоҳида муҳим ўрин тутади.

Хусусан, Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, халқимиз кутаётган, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият берилади.

Бу борада парламент томонидан мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолати назоратга олиниб, жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва натижага мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш тизими йўлга қўйилади.

Яна бир муҳим масала — Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ҳамда ҳокимларнинг ваколатларини аниқ белгилашга оид қонуний асослар шакллантирилади. Шунингдек, фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштиришга ҳам устувор вазифа сифатида қаралади.

Жамоатчилик назорати, давлат бошқаруви ва ижтимоий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда фуқаролик жамияти институтлари иштирокини кучайтиришга доир долзарб вазифалар амалга оширилади.

Мамлакатда демократик янгиланиш жараёнларини янада чуқурлаштириш учун сўз ва матбуот эркинлигини, фуқароларнинг ахборот олиш ҳамда уни тарқатиш, ўз фикру қарашларини эркин билдириш ҳуқуқини таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар ҳаётга кенг жорий этилади.

Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ушбу йўналишида белгилаб берилган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, жамият ва давлат бошқарувининг ҳар бир нуқтасида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш ва давлат идораларини, том маънода, халққа хизмат қиладиган масканга айлантиришда муҳим роль ўйнайди.

Фаррух Абдуҳамидов,

Халқ депутатлари Арнасой туман Кенгаши депутати,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

бўлим бошлиғи

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+