Депутат Узун туманидаги муаммоларни ўрганди

20.02.2024 15:02:56

Бугунги кунда аҳоли, хусусан, сайловчилар билан доимий мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятининг устувор йўналишига айланмоқда.
Депутатлар сайлов округларидаги фаолияти давомида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг боришини, янги қабул қилинган қонунларнинг моҳияти ва аҳамиятини етказмоқда.
Хусусан, Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутати Шоҳида Холлиева ҳам халқ билан мулоқот қилиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида Узун туманидаги “Деҳқон”, “Чақар”, “Мустақилликнинг 22 йиллиги “ МФЙларида бўлиб, сайловчилар билан учрашди.


Учрашув давомида депутат фуқароларга халқимизнинг осуда ва фаровон турмуши учун давлатимиз раҳбарияти томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат борасида тўхталди. Айниқса, таълим соҳасидаги ислоҳотлар, ёшларнинг соғлом, бақувват, баркамол бўлиб вояга етиши, ўқиб ўрганишлари учун яратилган кенг имкониятлар, шинам ва барча шароитларга эга бўлган мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар ва уларда яратилган замонавий шарт-шароитлар, олий таълимдаги янгиликлар, қишлоқ инфратузилмасидаги ижобий ўзгаришлар, аҳоли бандлигини таъминлаш учун берилаётган имтиёзли кредитлар ва улардан мақсадли ҳамда самарали фойдаланиш тўғрисида кенг тушунчалар берди.


Очиқ ва юзма-юз учрашувлар чоғида фуқароларнинг мурожаатлари ҳам тингланди. Мазкур маҳаллалардаги учрашувларда 200 дан ошиқ аҳоли қатнашди. Маҳаллий аҳоли вакилларидан келиб тушган айрим мурожаатлар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Ечими узоқ вақт талаб этадиганлари эса депутатлик назоратига олинди. Энг муҳими, ҳеч бир фуқаронинг мурожаати эътиборсиз қолмади. Учрашув давомида қатнашувчилардан 42 та мурожаат тушди. Мурожаатлардан 4 та мурожаат жойида ҳал қилинди, 6 та мурожаат бўйича вилоят ташкилотлари раҳбарларига депутатлик сўрови юбориладиган бўлди. Қолган мурожаатлар маҳаллаларнинг ўзида ҳал қилиниши мумкинлиги сабабли, маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда муҳокама қилиниб, ҳал қилишга келишилди.


Мазкур учрашувлар давомида депутат тумандаги “Кичик Жончекка” қишлоғи нуронийлари, хотин-қизлари билан ҳам учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида аёлларнинг муаммо ва таклифлари, мурожаатлари тингланди.
Депутат шунингдек, тумандаги умумтаълим мактабларида ҳам бўлиб, у ерда ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан қизиқди.
Хусусан, тумандаги 56-сонли умумтаълим мактабининг умумий аҳволи ва иситиш тизими бўйича ўрганишлар олиб борди.
Мазкур мактабда ўтказилган мулоқот давомида депутат ёшлар билан ҳам учрашиб, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар, ушбу соҳани янада ислоҳ қилишга қаратилган амалий ишлар, ўқитувчи ва ўқувчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида сўз юритди. Таълимдаги имкониятлардан унумли фойдаланишлари хусусида фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирди. Мактабнинг маънавият хонаси, кутубхонасини кўздан кечирди. Юзага келган муаммоларни ўз назоратига олди.
Сўнгра мактабнинг кўмир захира омборини кўздан кечирди. Мактаб раҳбариятига иситиш юзасидан ўз тавсияларини берди.
Депутатнинг сайловчилар билан учрашувлари давом этади.

Дилафрўз Раҳматова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+