Ҳудудларда маънавият секторлари ташкил этилади

24.12.2023 12:12:48

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишлари натижасида халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгармоқда. Ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Аммо, бугун дунёда рўй бераётган иқтисодий, мафкуравий, ғоявий қарама-қаршиликлар, шу билан бирга, тараққиёт суръатларининг шиддатли тус олгани, ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири мамлакатимизда ҳам сезилаётгани эришилган натижалар ва тўпланган бой тажрибамиздан келиб чиққан ҳолда белгиланган мақсадларни яна бир бор қайта кўриб чиқишни тақазо этмоқда.

Куни кеча Президентимиз бошчилигида маънавият ва маданият фаоллари, адабиёт ва санъат намояндалари, шунингдек, ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигига масъул раҳбарлар иштирокида илм-фан, таълим ва тарбия, маънавият масалаларининг бугунги ҳолати таҳлилига бағишлаб ўтказилган йиғилишда устувор вазифалар белгилаб олинди. 

Сабаби, ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг юксак чўққисига қараб ривожланаётган давлат ва жамиятларда маънавий-маърифий жараёнларнинг тўғри ташкил қилинганлиги муҳим рол ўйнайди. Хусусан, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққадилар.

Учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур эканлиги таъкидланди. 

Шу ўринда эътироф этиш керакки, кейинги етти йилликда маънавий-маърифий ишларнинг самараси ва таъсирчанлигини ошириш, кўлами ва миқёсини янада кенгайтириш, мамлакат аҳолиси, аввало, ёшлар қалбида амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, соҳадаги ишларни мувофиқлаштиришнинг ягона тизими яратилди.

“Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва бойитиш мақсадида Мақом, Бахшичилик ва Аския санъати марказлари ташкил этилди. Шунингдек, “Баҳор” рақс ансамбли, Давлат филармонияси, Давлат симфоник оркестри каби 20 дан ортиқ муассасалар фаолияти йўлга қўйилди. 11 та янги музей, 2 та театр, 28 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 5 та олий таълим муассасаси ташкил этилди.

Соҳанинг мустаҳкам иқтисодий асосларини яратиш мақсадида 2016 йилга нисбатан маблағ ажратиш кўрсаткичи 5,6 баробардан зиёдга оширилди. Хусусан, бу йил ижтимоий соҳага энг кўп – 134 триллион сўм маблағ ажратилди. Бундай иқтисодий имкониятларнинг яратилганлиги, ушбу йўналишда талаб ва эҳтиёж юқори бўлган кадрларни тайёрлаш имконини беради.

Шунингдек, учрашувда соҳа ривожи учун алоҳида Президент қарори қабул қилиниши, Бухородаги тарихий масканда Жадидлар мероси давлат музейи очилиши ҳамда “Жадид” номли янги газета ташкил этилиши билдирилди. Маданий-маърифий соҳадаги ишларда ҳокимларнинг масъулияти оширилиб, туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари ишга туширилади. Ҳудудлардаги 4 та секторга қўшимча равишда маънавият сектори ташкил этилиб, улар жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият кўрсатади.

Келгуси йилдан ҳар бир туманда саҳнали зал, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган биттадан маданият маркази фаолияти йўлга қўйилади. Жойлардаги 600 дан зиёд бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиниб, бунга 100 миллиард сўм йўналтирилади. Мақом ва бахшичилик санъатини илмий асосда ўрганиш ва ривожлантириш кучайтирилади.

Шу билан бирга, жамиятимизда китобхонлик маданиятини ошириш қўллаб-қувватланади. Ижодий буюртмалар, муаллиф ва таржимонларга тўланаётган қалам ҳақи кўпайтирилади. Нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида улар 5 йилга солиқлардан озод қилинади. Мусиқа ва санъат мактаблари муаллимларининг ойлиги оширилиб, ушбу мактабларнинг коммунал харажатлари бюджетдан қоплаб берилади.

Хулоса қилиб айтганда Президентимиз бошчилигида белгилаб олинган мақсад ва вазифалар, аввало, оилада, қолаверса, таълим ташкилотлари ва маҳаллаларда маънавий тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, жамиятда соғлом дунёқараш ва бунёдкорликни умуммиллий ҳаракатга айлантириш имкониятини яратиб беради.

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+