Аҳоли даромадини оширишда қишлоқ хўжалигининг ўрни ортиб бормоқда

15.12.2022 12:12:22

Сўнгги йилларда янги ва даромадли иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадини оширишда қишлоқ хўжалигининг ўрни ортиб бормоқда. Шу боисдан, соҳага доир кўплаб ҳужжатлар қабул қилиниб, зарур шароитлар яратилди.

Хусусан, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига оид модернизация жараёнлари давлатимиз томонидан илгари сурилаётган стратегик режаларда иқтисодиётнинг муҳим воситаларидан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу стратегик режалар аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминловчи янги босқич ҳисобланади.

Жумладан, мамлакатда қишлоқ хўжалигини замонавий технологиялар билан таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар шиддат билан илгариламоқда. Умуман, Давлат томонидан сўнгги йилларда аграр соҳани тубдан ислоҳ қилиш ва уни бозор талабларига мослаштириш ишларига катта эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда шаклланган деҳқончилик кўникмалари, тупроқ-иқлим шароити, сув таъминотидан келиб чиқиб, республиканинг барча туманлари ҳудудлари муайян турдаги маҳсулотлар етиштиришга босқичма-босқич ихтисослаштирилиши белгиланди.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда асосий эътибор унинг ҳосилдорлиги, экспортбоплиги, яхлит майдонларда етиштирилишига ҳамда кооперация ва кластер тизими асосида маҳсулот етиштириш, уни қайта ишлаш, сақлаш ва ички ва ташқи бозорларга сотиш тизими йўлга қўйилишини ўз ичига олади.

Албатта, бу жараёнда ўзининг фидокорона меҳнати, бой билим ва тажрибаси билан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожини янги босқичга олиб чиқишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган деҳқон ва фермерларимизнинг ҳиссалари катта бўлмоқда. Шу боис, мамлакатимизда декабрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги ходимлари куни сифатида нишонлаб келинмоқда.

Бу йил ҳам ушбу шукуҳли айёмда, аввало, ҳалол пешона тери, фидокорона меҳнати билан ердан ноз-неъмат ундириб, ҳаётимизга қут-барака, файзу қувонч олиб кирираётган бир гуруҳ миришкор деҳқонларимиз ва соҳа ходимларининг меҳнатлари муносиб эътироф этилди. Бундай ўз вақтида қилинган эътироф ва рағбат эса, деҳқонларимизга улкан куч ва шижоат бериши шубхасиз.

Чунки, Бутунжаҳон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, очликдан азият чекаётган сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпи Осиё қитъасида яшамоқда. Парадокс шундан иборатки, бир вақтнинг ўзида айнан ушбу мамлакатлар жаҳоннинг етакчи озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи давлатлари ҳисобланади.

Ҳеч шубҳасиз, дунёда озиқ-овқат тақчиллиги тобора ортиб, минтақамизда чўллашиш жараёни кучайиб бораётгани соҳада кечиктириб бўлмас ислоҳотларни ўз вақтида амалга оширишни тақозо этмоқда. Шу боис, деҳқон хўжаликларини ривожлантириш учун жорий йилда 100 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, очиқ электрон аукцион орқали аҳолига тарқатилди. Бунинг ҳисобидан 420 мингдан ортиқ янги хўжалик ташкил этилиб, 1 миллион 200 минг дан ортиқ доимий ва мавсумий иш ўринлари яратилгани айниқса муҳим аҳамиятга эга.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигида сув таъминотини яхшилаш, сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича йирик лойиҳалар бошлаб юборилган. Шунингдек, Давлатимиз раҳбари томонидан халқаро даражадаги учрашув ва мулоқотларда ҳам озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг барқарор тизимларини ва уни етказиб беришнинг оптимал занжирини шакллантириш, ички минтақавий савдо-сотиқнинг ўсиши учун техник регламентларни уйғунлаштириш, Осиёда озиқ-овқат хавфсизлигини мониторинг қилиш бўйича яхлит тизим яратиш ташаббуслари илгари суриб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг кузида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммитида Давлатимиз раҳбари томонидан минтақа аҳолиси учун сифатли ва варзон нархдаги озиқ-овақат маҳсулотларини етиштириш масалаларини ФАО шафелигида келгуси йили Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференцияда муҳокама қилиш таклиф этилди.

Умуман олганда мамлакатимизни келгуси беш йилда ривожлантиришга қартилган тараққиёт стратегияси доирасида қишлоқ хўжалигини илмий асосда интенсив ривожлантириш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш ҳамда сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга оширилиши белгиланган.

Бугунги геёсиёсий жараёнларда мамлакатимиз аҳолисини узлуксиз равишда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва давлатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида ўз олдига белгилаб олган стратегияларини тўлатўкис амалга оширишига хизмат қилади.

 

Музафара Абдиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+