Аҳоли муаммоларини ҳал этишда маҳаллаларнинг иқтисодий имконияти кенгаймоқда

13.10.2022 16:10:21

Сўнгги олти йилликда халқимиз муаллифлигида ишлаб чиқилган ижтимоий-иқтижодий лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этилиши нафақат давлат ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатнинг ривожланишига, шу билан бирга, фуқароларнинг ислоҳотлардаги иштироки ва манфаатдорлиги ортишига ҳам хизмат қилмоқда.

Буни биргина, фуқароларимиз томонидан кўтарилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаб амалга оширишга қартилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳаллаларни обод қилиш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам маҳаллалардаги  тизимли муаммоларни ҳал қилишда “Ташаббусли бюджет”нинг ўрни ва аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда амалга оширилаётган барча ислоҳотлардан кўзланган ягона мақсад бу — инсон қадрини таъминлаш орқали аҳолини рози қилишга қаратилганлиги эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шу мақсадларда жорий йилги дастурлар доирасида 4 100 та маҳаллани обод қилиш, боғча, мактаб, соғлиқни сақлаш, сув, электр, канализация билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишга бюджетдан қарийб 29 триллион сўм маблағ ажратилган.

Қувонарлиси, бугун ҳудадларда бўлиб сайловчилар билан ўтказилган юзма-юз мулоқот ва учрашувларимизда аҳоли томонидан энг кўп кўтариладиган ички йўллар, ичимлик суви, электр энергияси таъминоти, мактаб ва боғча каби муаммоларнинг аксарият қисми ўтган вақт давомида ҳал этилишига эришилганлигидир. Жумладан, 2022 йилнинг ўтган даврида  434 та маҳаллада ички йўллар таъмирланган. 672 та маҳаллага ичимлик суви тармоғи тортилгани ҳисобига, 1,5 миллион аҳоли илк бор тоза ичимлик сувини истемол қилмоқда.

Шу билан бирга, 2022-2023 ўқув йилида 2 мингдан ортиқ маҳаллага хизмат қиладиган 34 та янги мактаб ишга туширилди, 338 таси реконструкция қилиниб, 360 таси таъмирланди. Буларнинг ҳисобига 78 мингта янги ўқувчи ўринлари яратилди. Ҳудудларда 580 та трансформатор, 20 минг километр тармоқлар янгиланиб, 413 та маҳалладаги 1,5 миллион нафар аҳолининг электр таъминоти яхшиланди.

Ушбу бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ ҳудудларга ишчи гуруҳлар юборилиб, улар 9 370 та маҳалланинг ҳар бирига кириб, аҳолининг кайфиятини ўрганиб, уни қийнаётган муаммолар рўйхатини шакллантирди. Ўрганишлар жараёнида аҳоли томонидан йўл, ичимлик суви, суғориш тизими, электр, таълим ва тиббиёт билан боғлиқ 12 мингта масала ва таклиф кўтарилган.

Эндиликда маҳаллаларни обод қилиш ва уларга инфратузилма олиб бориш дастурларини ишлаб чиқишда аҳоли кўтарган 12 мингта масалани ҳам ҳал қилишни ўз ичига оладиган янги тизим яратилади.

Албатта, маҳаллалардаги инфратузилмаларининг яхшиланиши аҳоли турмуш фаровонлиги ошишида “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг ўрни беқиёс. Хусусан, иккинчи ярим йилликда лойиҳа доирасида 9 201 та маҳалла иштирок этиб, 38 мингта лойиҳага 8 миллион аҳоли овоз берган. Солиштириш учун айтиб ўтиш керакки, биричи ярим йилликда “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида 4 мингта маҳалла иштирок этган эди.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, аҳолимиз бугун ислоҳотларга нисбатан бефарқ эмас, бирлашиб, бамаслахатлашиб ўз ҳудуди ва жамиятимиз олдида турган муаммоларни ҳал этишда бир ёқадан бош чиқаришмоқда.

Жумладан, иккинчи ярим йилликдаги овоз бериш якунларига кўра, 1 418 та лойиҳа ғолиб деб топилиб, улар учун жами 1 триллион сўм маблағ ўтказиб берилди. Йиғилишда Давлатимиз раҳбари томонидан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини янада кенгайтириш ва оммалаштириш мақсадида бир ҳафта муддатда ҳар бири 2 мингдан ортиқ аҳоли овозини тўплаган, лекин ғолиб бўлмаган 364 та лойиҳа учун қўшимча 335 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилди.

Шунингдек, 200 дан ортиқ аҳоли қўллаб-қувватлаган маҳалла шифокорлик пунктлари, оилавий поликлиникаларни жиҳозлашга келгуси йилда қўшимча 200 миллиард сўм ажратиладиган бўлди. Бу орқали 195 та лойиҳа доирасида 600 та маҳалла аҳолиси қамраб олинади.

Шу билан бирга, келгуси йилдан вилоят бюджетлари қўшимча маблағларининг 30 фоизи ҳам “Ташаббусли бюджет” лойиҳаларига берилади. Умуман, келгуси йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина “Ташаббусли бюджет” орқали аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилиши белгиланди. Бунда “Ташаббусли бюджет” лойиҳалари учун маблағлар 3,5 бараварга оширилиб, 8 триллион сўмга етказилади.

Яна бир муҳим янгилик бу — ҳар бир маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал этиши учун келгуси йилдан “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилишидир. 2023 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир вилоятнинг биттадан туманида тажриба тариқасида аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини ундириш маҳалланинг ўзига ўтказилади. Бунда ундирилган мол-мулк ва ер солиғи маҳалла бюджетида қоплади.

Ҳар йили 1 февралга қадар ҳокимлар маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчилари билан бирга маҳалла бюджети ҳисобидан ҳал қилинадиган лойиҳалар рўйхатини туман Кенгашларига тасдиқлаш учун киритади. 2023 йил якунида эса ушбу тажриба барча ҳудудларда жорий қилинади.

Бу жараён эса, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар билан бир қаторда, парламент вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Боиси, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳар бир ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш жараёнида маҳаллий Кенгашлар депуталари билан бир қаторда, ўша ҳудуддан сайланган парламент вакилларининг доимий иштрок этиши ҳам белгилаб қўйилган.

 

Мавлудахон Адхамжонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+